Сербия бош вазири норозилик манзарасида истеъфога чиқди

Милош Вучевич

Милош Вучевич

Сербия бош вазири Милош Вучевич талабалар норозилиги манзарасида истеъфога кетди. Бу ҳақда у 28 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида билдирган.

Бугун эрталаб мен президент билан узоқ суҳбатлашдим, у менинг қароримни, келтирган далилларимни қабул қилди”, дея маълум қилган Вучевич.

Сербияда икки ойдан буён давом этаётган оммавий норозиликларни у “хориждан лойиҳалаштирилган” акциялар деб атаган.

Худдики қандайдир кўринмас қўл янги можарони яратиб, жамиятда тарангликни ҳосил қилди”, деган Вучевич.

Сербияда кўп минг кишилик норозиликлар Нови-Сад шаҳридаги темирйўл вокзалида бетон айвон қулаши ортидан бошланган. Ўшанда 15 киши қурбон бўлганди.

Мухолифат фаоллари ва фуқаролик жамияти вакиллари дастаклаётган талабалар вокзалнинг сифатсиз таъмирланишига коррупция олиб келган деб ҳисоблаб, содир бўлган фожиада расмийларни айбламоқда. Даставвал норозилар содир бўлган воқеанинг шаффофлик билан тергов қилинишини талаб қилишган, бироқ расмийлар уларга қулоқ солмаганларидан кейин сиёсий талабларни олға сура бошлашган. Улар орасида парламентга муддатидан илгари сайловларни ҳозирлайдиган ўтиш даври ҳукуматини тузиш каби талаб ҳам бор.

27 январь куни Сербия президенти Александр Вучич Милош Вучевич ҳамда парламент спикери Аной Брнабич билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида намойишчилар билан мулоқотга чақирган. У норозилик чиқишларида ҳибсга олинганларни афв этишга тайёрлигини билдирган ҳамда талабалар ва профессорларга ҳужум қилганларга қарши жиноят ишлари очилганини маълум қилган. Вучич вокзал реконструкцияси бўйича ҳужжатлар очиқланганини ҳам қайд этган. Аввалроқ у норозиларни мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида “хориждаги кучлар” билан ҳамкорлик қилаётганликда айблаган эди.