Тошкентнинг Сергели туманида жойлашган “Узмилл” МЧЖ ҳудудидаги ишчилар ётоқхонасида 29 ноябрь тонгида газ портлаши натижасида ёнғин содир бўлган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳодиса тонгги соат 5 атрофида содир бўлгани, воқеа жойига тўртта ёнғин-қутқарув экипажи соат 05:08 да етиб боргани, ёнғин соат 05:29 да қуршаб олингани ва соат 05:43 да батамом ўчирилгани ҳақида маълумот тарқатди.
ФВВ қайдича, воқеа жойида 43 нафар ишчи бўлган, ёнғин оқибатида улардан 18 нафари ҳар хил турдаги куйиш тан жароҳати билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилган. Айни пайтда портлаш ва ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар йўқлиги айтилмоқда.
ССВ маълумотига кўра, ёнғиндан жабрланган 18 эркакнинг саломатлиги жиддий назоратга олинган, уларнинг 10 нафари реанимация бўлимида даво муложаларини олмоқда.
Ҳодиса тафсилотларини ўрганиш учун Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари раҳбарлигида Тошкент шаҳар ФВБ, ИИБ, ССБ, Ҳудудгаз таъминоти раҳбарларидан иборат тезкор тергов гуруҳи ташкил этилган.
Газ портлашига қувурларнинг носозлиги оқибатида хонага газ тўпланиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.