Тошкент шаҳар Миробод туман судида 11 октябрь куни Сергели туманида жойлашган омборхонадаги портлаш айбдорлари устидан ҳукм ўқилди.
Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, судланувчилар С.Ф., А.Ф., Б.С. ва Н.К. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан айбдор деб топилганлар, уларнинг ҳар бирига нисбатан 5 йилданга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, суд ҳукмида фуқаровий даъвогарлар ва жиноят ишида жабрланувчилар деб эътироф этилган учта МЧЖнинг даъво аризалари қаноатлантирилгани, улар томонидан кўрилган зарар 4 нафар судланувчи ҳамда жавобгар МЧЖлардан солидар тартибда ундирилиши билдирилган.
Сергелидаги “Interlogistics” МЧЖга қарашли омборхонада ёнғин ва портлаш ўтган йилнинг 28 сентябрь куни рўй берган, ҳодиса оқибатида 1 киши вафот этган, 163 киши турли даражада тан жароҳати олган эди. Портлаш оқибатида 39 та кўп қаватли уйлардаги 1370 та хонадон, 246 та ҳовли, мактаб ва боғча биноларига шикаст етгани айтилиб, омборхонага қўшни бўлган 20 дан зиёд ҳовли энг кўп зарар кўргани айтилганди. Портлашдан жабрланганларнинг қанчасига кўрилган зарарнинг не қадари қоплаб берилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Бир йил аввалги расмий маълумотларга кўра, Сергелидаги фавқулодда вазият сабабларини ўрганиш жараёнида ёнғин ва портлаш ўчоғи металл ва “сэндвич” панеллардан қурилган омбор бўлгани аниқланган. Ўша пайтда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи тўрт кишига нисбатан қамоққа олиш, бир кишига нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланилгани билдирилган эди.