Жанубий Корея пойтахти Сеулда 30 ноябрда икки юзга яқин фермер овқат учун ит етиштириш тақиқланишига қарши митинг ўтказди. Норозилар митинг пайтида полиция билан тўқнашди.
Reuters агентлигининг хабар беришича, бир неча фермер юк машиналарига ўрнатилган қафасларда ўз итларини олиб келишган. Улар итларни президент маъмурияти биноси олдида қафаслардан чиқармоқчи бўлган. Аммо полиция бунга тўсқинлик қилган. Натижада тўқнашув юз берган.
Митинг ташкилотчиларидан бири бўлган ит гўшти етиштирувчи фермерлар бирлашмаси раиси Чжу Ён Бон “сиёсатчилар соҳа фаолиятини тақиқлаш ва одамларга нима ейишни ўргатишга ҳуқуқига эга эмас”, деб билдирди.
Аввалроқ у президент маъмурияти биноси олдига икки миллион итни қўйиб юбориш билан таҳдид қилган эди. Митинг пайтида Чжу Ён Бон ва икки норози қўлга олинган.
Ҳозирда Жанубий Корея парламенти 2007 йилга бориб ит гўшти савдосини тўхтатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Ит гўшти етиштирувчи фермерларга, гўшт дўконлари ва ресторанларга уч йиллик солиқ имтиёзи ва молиявий кўмак кўрсатади. Қонунни бузганлар беш йилгача озодликдан маҳрум этилади ёки 38 минг долларлик жаримага тортилади.
Ҳукмрон партия томонидан таклиф қилинган мазкур қонун лойиҳаси мухолифат ва жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётгани айтилмоқда. 2022 йилда Gallup Korea ўтказган сўровда иштирок этганларнинг 64 фоизи ит гўшти истеъмолига қарши эканликларини, 8 фоизи эса бир йил давомида ит гўшти еганларини айтганлар. 2015 йилдаги сўровда респондентларнинг 27 фоизи ит гўшти ейишини тан олган эди.
Жанубий Корея қишлоқ хўжалик вазирлигининг билдиришича, мамлакатда ҳар йили 388 минг ит, бир миллиарддан ортиқ товуқ, 18 миллион чўчқа ва 965 минг мол гўшти истеъмол қилинади.