Сеулдаги суд Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат киритиш қарори туфайли ҳокимиятдан вақтинча четлатилган президент Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш учун ордер берди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар қилди.
Агентлик қайдича, мамлакат конституция асосида бошқарила бошлаганидан бери унинг тарихида амалдаги давлат раҳбарини ҳибсга олиш учун берилган илк ордердир.
Yonhap манбалари суд Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш учун уч айблов — ҳокимият суиистеъмоли, конституцияга зид равишда ҳарбий ҳолат жорий этиш ҳамда исён уриниши бўйича санкция берганини айтишган. Ордер вақтинча ҳокимиятдан четлатилган президентни қўлга олиш учун 48 соат муҳлат берган. Суд президент қароргоҳида тинтув ўтказилишига ҳам ордер берган.
Аввалроқ Юн Сок Ёль исёнга раҳбарлик қилганлик ва ҳокимият суиистеъмоли айбловлари бўйича гумонланувчи ўлароқ сўроққа келмаган эди.
14 декабрь куни Жанубий Корея парламенти иккинчи уринишда Юн Сок Ёлни лавозимидан четлатиш учун овоз берган.
Импичмент тўғрисидаги масала парламентда 3 декабрь куни Юн Сок Ёль “КХДРнинг мамлакат ичкарисидаги тарафдорларига қарши кураш учун” ҳарбий ҳолат жорий этилиши ҳақида эълон қилганидан кейин кўтарилган. Олти соат давомида амалда бўлган фармон билан сиёсий партиялар фаолияти, норозилик чиқишлари, иш ташлашларга тақиқ қўйиб, унда цензурани ҳамда ўлим жазоси чиқариш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий-дала трибуналларини жорий қилиш кўзда тутилганди. Бу ҳолат Сеул кўчаларида ҳам, парламентда ҳам кенг кўламли норозилик чиқишларига сабаб бўлган. Депутатлар ҳарбийлар томонидан парламент биноси штурм қилинаётган пайтда президент қарори бекор қилиниши учун овоз беришган. Шундан сўнг у қонунга мувофиқ равишда фармонни бекор қилишга мажбур бўлган.
Бу ҳодисалар ортидан Жанубий Кореяда исёнга оид иш тергови бошланган. Юн Сок Ёлга хорижга чиқиш тақиқлаб қўйилган.