Афғонистондаги вазият билан боғлиқ равишда Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо мамлакатлардан ҳеч қанақа таклиф келиб тушган эмас. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов 12 июль куни Тошкентда ўтказилган брифингдан сўнг журналистлар саволларига жавоб бериш чоғида билдирди.
Ш. Асадовга кўра, 2012 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ва “Мудофаа тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қандай хорижий ҳарбий базаларнинг жойлаштирилиши мумкин эмас ва Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшила олмайди.
Президентнинг матбуот котиби ўз сўзида 23 июндан буён Афғонистондан Ўзбекистонга 150 чоғли ҳарбий қочиб ўтишга урингани, тегишли тергов ва суриштирув ишлари ўтказилганидан улар, халқаро қонунчиликка мувофиқ, ўз давлатига қайтариб юборилганини, ҳеч кимнинг чегарани бузиб ўтишига йўл қўйилмаслигини қайд этди.
“Ҳозирги кунда Афғонистонда бўлаётган тўқнашувлар бу, албатта, Афғонистоннинг ички иши”, дея урғулади Ш. Асадов.
Айни пайтда мулозим АҚШ ҳукумати томонидан ҳам афғонистонлик аскарларни вақтинча ўзининг ҳудудида сақлаб туриш бўйича Ўзбекистонга сўров йўлланмаганини қўшимча қилди.
Жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкент Марказий ва Жанубий Осиёдаги ҳамкорликка доир халқаро анжуманга мезбонлик қилиши, конференцияда Афғонистон масаласи ҳам муҳокама қилиниши кутилаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.