Олий Мажлис Сенатининг 21 декабрь кунги ялпи мажлисида “Сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Юқори палата матбуот хизмати қайдича, қонун билан Жиноят, Жиноят процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга қурилишлар сифатини ошириш, бинолар ва иншоотлар қонунга хилоф равишда қурилишининг олдини олиш ҳамда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашга оид ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жумладан, қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотлардан фойдаланишга доир рухсатнома бериш ҳамда уларни фойдаланишга қабул қилиб олиш қоидаларини бузганлик, объектларни қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияларининг рухсатномасиз қурганлик, кўп квартирали уйлардаги таянч конструкцияларни норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартирганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам белгиланмоқда.
Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши одам ўлими ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, бу учун алоҳида жиноий жавобгарлик назарда тутиляпти.
Шунингдек, шаҳарсозликка оид қонунчилик талабларини бузганлик учун белгиланган жарима жазолари кучайтирилмоқда.
Расмий статистикага кўра, 2022 йилда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ 6 мингдан зиёд ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, 2023 йилда бу рақам қарийб 8 мингтани ташкил қилган. 2024 йилнинг 11 ойида эса бу кўрсаткич қарийб 9 мингтага етган.
Ижтимоий тармоқлардан аҳолининг ноқонуний қурилишлардан норози бўлиб йўллаган мурожаатларини кўплаб топиш мумкин.
Экспертларга кўра, катта пул айланадиган қурилиш соҳасида коррупция илдиз отиб кетган.
Жорий йил январь ойида президент Шавкат Мирзиёев қурилишни “коррупциясиз соҳа”га айлантириш учун бир қатор вазифаларни белгилаганди.
Жамоатчилик фаоллари Ўзбекистонда қурилиш сифатига доир талабларни кучайтириш зарурлигини айтиб келишади.