Шаҳрисабзда турмуш қуриш ундови билан толибага босим ўтказган йигит 10 суткага қамалди

Иллюстратив сурат

Шаҳрисабз шаҳрида 2006 йили туғилган толиба М. М.га турмуш қуриш талаби билан босим ўтказган йигит 10 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Бу ҳақда Болалар омбудсмани телеграм-каналида маълумот тарқатилган.

Қайд этилишича, университетнинг 1-курсида ўқийдиган М. М. 15 январь куни болалар омбудсмани Сурайё Раҳмоновага О. Б. исмли йигит томонидан турмушга чиқиш ундови билан турли шаклда босим бўлаётганидан шикоят қилган. Бунинг ортидан қизга ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери берилиб, унинг хавфсизлигини таъминлаш учун тегишли чоралар кўрилган.

Шунга қарамай, 29 январь куни толиба қиз яна болалар омбудсманига мурожаат қилиб, ҳимоя ордери берилганидан кейин ҳам О. Б. ўзига нисбатан тазйиқ ва руҳий босимни давом эттираётганини билдирган.

Мазкур шикоят ортидан йигит ўша куннинг ўзидаёқ маъмурий тартибда ушланган ва 30 январь куни жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206(1)-моддаси (Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик) билан 10 суткага маъмурий қамоққа олинган.