Британия шаҳзодаси Чарльз 2011 йилдан 2015 йилгача Қатар шайхи Ҳамад бин Жассим ал Танийдан уч миллион евро миқдоридаги нақд пулни қабул қилиб олган. Бу ҳақда The Sunday Times маълум қилди.
Нашрнинг ёзишича, бу маблағ шаҳзода Чарльзнинг меҳр-мурувват фондига ўтказиб берилган. Бу пулни санаш жараёнида иштирок этган шаҳзода Чарльзнинг ёрдамчиларидан бири, Қатар шайхидан хайр-эҳсонни қабул қилиш пайтида ходимлар жуда ўнғайсиз аҳволда қолганларини айтиб берди. Кейинроқ шайхнинг вакилларидан шаҳзода Чарльзга тўғридан-тўғри нақд пул бермаслик илтимос қилинган.
The Sunday Times бу тўлов ноқонуний бўлгани тўғрисида шубҳалар мавжуд эмаслигини билдирган. Бироқ қирол оиласи аъзоларига нақд пул қабул қилиб олиш тақиқланади. Қирол оиласи фондларига бериладиган хайр-эҳсон эса чек сифатида тақдим этилиши лозим.
Февраль ойида Британия полицияси шаҳзода Чарльзнинг фондини текшира бошлаган эди. Бунга фонд Саудия Арабистони ватандошига Британия паспортини олишга кўмаклашгани тўғрисидаги хабарлар сабаб бўлганди. Фонд ходимлари бу воқеага шаҳзода Чарльз алоқадор эмаслигини билдирганлар.