Шароити танқид қилинган Китобдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Қамашига кўчирилди

Китобдаги меҳрибонлик уйи биноси

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида жойлашган 5-меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Қамаши туманида жойлашган 4-меҳрибонлик уйига кўчирилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов маълум қилди.

Шароити ёмонлиги важидан Китобдаги меҳрибонлик уйи тугатилиши лозимлиги хусусида аввалроқ болалар омбудсмани Алия Юнусова билдирганди. Мулозима танқиди ортидан ўз вазифасига совуққонлик билан қараган 5-меҳрибонлик уйи директори ва омбор мудири ўз лавозимларидан озод қилингандилар.

Сенатор О. Иминовга кўра, юқори палата ишчи гуруҳи Китобдаги меҳрибонлик уйи бинолари таъмирталаб ҳолатда экани, тарбияланувчиларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати амалдаги санитария қоидалари ва меъёрлари талаблари асосида эмаслиги, тарбияланувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун шароит етарли эмаслиги сабабли у ерда тарбияланаётган 65 нафар тарбияланувчини Қамаши туманидаги меҳрибонлик уйига ўтказиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида вилоят ҳокимлиги мутасаддиларига тавсиялар берган.

Ишчи гуруҳи тавсиясига асосан, жорий йил 2 май куни Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйи 65 нафар тарбияланувчиларининг 10 нафари яқин қариндошлари оиласига, 55 нафари Қамаши туманидаги 4-сонли Меҳрибонлик уйига кўчирилди”, дея маълум қилган сенатор Одилжон Иминов.