Шарқий Украина аҳолиси ижтимоий тармоқларда ўз хавотирларини билдирмоқда

“Негалигини билмайман, лекин менинг оилам ваҳима қилмаяпти”, деб ёзган Украинанинг айирмачилар босиб олган Донецк шаҳрида яшовчи фуқаро. “Балки улар қўрқишдан чарчагандир – билмайман.”

Ижтимоий тармоқларда айирмачилар назоратидаги Украина шарқи ва унинг атрофидаги ҳозирги ҳаёт тарзи ҳақидаги постлар кўпайиб бормоқда. Бу дунёнинг бошқа минтақаларидаги одамларни ҳам беэътибор қолдирмаяпти.

Ёввойи итлар, истеъмол товарлари нархларининг кўтарилиши ва Россиянинг “Спутник” вакцинасининг омикрон штаммида самарасизлиги маҳаллий аҳоли орасида фаол муҳокама қилинмоқда.

Бироқ Россиянинг яқин орада эҳтимолий босқини ҳақидаги сўнгги хабарлардан сўнг, Украина шарқидаги одамлар ҳам ўз-ўзидан 2015 йил февралида ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейин тўхтатилган можаролар яна авж олишидан хавотирда.

Кремль қўшни давлатга бостириб кириш ниятини рад этиб, вазиятнинг ижобий томонга ўзгариши НАТОнинг шарққа, хусусан, Украина томон кенгаймасликни кафолатлашига боғлиқ деб ҳисобламоқда.

Россиянинг “VKontakte” ижтимоий тармоғида фойдаланувчилардан бири: “уруш ҳақидаги кундалик башоратлардан жуда зерикдим”, деб ёзган. “Низоли ҳудуддан узоқда, Нижний Новгород ёки Красноярскда диванда ўтириб пиво ва чипс билан башорат қилиш жуда яхши. Бироқ буларни ўқиб нимани ҳис қиламиз? Биз товада қовурилаётган сичқонга ўхшаймиз. Ҳамма нима бўлаётганини пиво ва чипслар олиб қизиқиш билан кузатмоқда.”

Бошқа постлар ҳам минтақадаги руҳий тушкун кайфиятни акс эттириб турибди.

“Бу ерда ҳеч ким ҳеч нарсага ишонмайди, – деб ёзган яна бир фойдаланувчи. – Етар! Тўхтанг! Одамлар бу аҳмоқликдан зерикди. Бу вазиятда энг ёмони, биз қўрқмай қўйдик. Агар қандайдир ҳақиқат бўлса ҳам, биз энди бунга ишонмаймиз ва қўрқмаймиз”

Донецк вилоятининг бўлгинчилар назоратидаги ҳудуднинг амалдаги раҳбари Денис Пушилиннинг яқинда қилган баёноти ҳам эътиборга молик. Унда амалдор Киев минтақага “исталган вақтда” ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантириб, ҳамма “энг ёмон воқеалар ривожига тайёр бўлиши керак”, дея таъкидлаган.

“Биз аллақачон воқеалар ривожининг энг ёмон босқичига етиб келдик деб ўйлайман”, деб ёзган шарҳловчилардан бири.

“Бундан ҳам ёмони нима бўлиши мумкин? Биз неча йилдирки, марш ўтказамиз, бизга ҳар дақиқада ҳужум қилишлари мумкинлиги айтишади. Аммо Пушилиннинг юзидаги ажинлардан бошқа ҳеч нарса ўзгармайди”, дейди эҳтимолий ҳужум ҳақида ёзган яна бир бошқа фойдаланувчи.

Бошқалар Москванинг можародаги режаларига шубҳа билдирган.

“Россияга биз керак эмасмиз. Биз аввал Россияга фақат Қримни эгаллаши учунгина керак бўлганмиз. Кўзингизни очинг!” деб ёзган фойдаланувчилардан бири.

Қўшни Луганск вилоятидан фойдаланувчилар Россия расмийларининг айирмачилар назоратидаги ҳудудларга ошкора қурол етказиб бериш бўйича таклифларини муҳокама қилишди.

“Фақат бу ердан узоқда яшайдиганлар жанговар ҳаракатлар қайта бошланганини эшитиб хурсанд бўлишлари мумкин”, деб ёзган фойдаланувчилардан бири. Яна бири киноя билан жавоб қайтаради: “Ҳа, кўпроқ қурол ва кўпроқ вайронагарчилик! Ва кейин ҳамма нарсада Америка, Украина, Хитойни айблашимиз мумкин.”

Ўзини фақат Мария деб таништирган донецклик фойдаланувчилардан бири хавотирли хабарларга қарамай, у оиласи билан ўз ҳаётини давом эттиришга ҳаракат қилаётганини ёзган.

“Биз энди янгиликларни умуман кўрмаймиз, – деб ёзади у. – Кундалик муаммолар ҳақида қайғуришимиз етарли ва геосиёсат ҳақида ўйлашга вақтимиз ҳам, истагимиз ҳам йўқ. Ташқаридан Донецкдаги вазият тинч кўринади. Ҳарбий техника ўрнатилган поездларни ёки қуролланган одамларни айланиб юрганини кўрмайсиз... Сабабини билмайман, лекин менинг оилам ваҳимага тушмаган, балки қўрқишдан чарчагандир – билмайман.”