Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 март куни Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз бошчилигидаги делегацияни қабул қилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, қабул чоғида Ўзбекистон ҳудудлари ва ШУАР ўртасидаги амалий алоқаларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилган.
Мирзиёев Шинжон-Уйғур автоном райони билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлаган. Учрашувда инновацион технологиялар, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт ва логистика, банк-молия соҳаси, таълим, анъанавий тиббиёт каби бир қатор устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилган, гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган, шунингдек, “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси февраль ойи охири ва март ойи бошларида Шинжон-Уйғур автоном районига ташриф буюргани ҳақида хабар қилган эди. Eurasianet нашри қайдича, бош вазир мазкур сафарида Хитой билан янги сармоявий келишувларга эришолган эмас.