Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёв имзолаган ва 20 сентябрь куни кучга кирган қарорга биноан ўзбекистонлик мева-сабзавот экспортёрлари бундан буён давлатга валюта тушумининг фақат 25 фоизини сотади. Шу пайтгача экспортчилар валюта тушумининг 50 фоизини сотишга мажбур эди.
Таҳлилчилар фикрича, бу, шубҳасиз, экспортёрларни қувонтирадиган чорадир. Бироқ қарорнинг умумий мазмунидан Ўзбекистонда мева-сабзавот экспорти билан шуғулландиган барча субъектлар учун шароитнинг бир хил эмаслиги сақланиб қолгани англашилади.
“Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” дастурида ўқиб эшиттирилган қарорга мувофиқ, 20 сентябрдан бошлаб ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий мансублигидан катъи назар, экспорт қилувчи корхона ва ташкилотлар, шу жумладан, микрофирмалар, кичик корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликлари янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг 25 фоизини белгиланган тартибда мажбурий сотишни амалга оширади. Бунгача эса мазкур кўрсаткич 50 фоизни ташкил этар эди.
Ҳужжатда янги, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспортга етказиб бериш юклаб жўнатиладиган маҳсулот қийматининг камида 30 фоизини олдиндан тўлаш шартларида амалга оширилиши ҳам кўзда тутилган. Қолган қисми учун тасдиқланган банк аккредитиви очилади ёхуд биринчи классли хорижий банк кафолати расмийлаштирилади.
Айни пайтда бошқа бир экспортчи олдига бундай талаблар қўйилмади
“Ўагроэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компаниясига янги, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини тўғридан тўғри экспорт контрактлари асосида фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар ва қайта ишловчи корхоналар билан тузилган комиссия шартномалари бўйича олдиндан тўловсиз тасдиқланган банк аккредитиви очмасдан ёхуд биринчи классли хорижий банк кафолати расмийлаштирмасдан фаолият юритишга рухсат берилди.
Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, Астанадаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаев Шавкат Мирзиёев имзолаган сўнгги қарорнинг биринчи қисмини олқишлади.
- Ҳукумат мева-сабзавот экспортчиларини рағбатлантириш учун экспортдан тушадиган валютанинг 25 фоизинигина мажбуран сотиш шартини қўйдики, бу шу кунгача бўлган 50 фоизли меъёрнинг ярмидир ва буни олқишлаш лозим, деди Сапарбой Жубаев.
Айни пайтда, таҳлилчи фикрича, қарорда “Ўзагроэкспорт” учун алоҳида имтиёзлар кафолатлаб қўйилганки, гатижада бозордаги барча ўйинчилар учун бир хил шароит яратилмаган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистон ҳукумати бу йил мева-сабзавот экспорти масаласига ошиғич эътибор бера бошлади.
Вазирлар Маҳкамасининг мева-сабзавотни юк машиналарида экспорт қилишга рухсат берувчи 1 апрелдаги қароридан сўнг, ўша ойдаёқ мамлакат Президенти шу соҳага оид 3 та қарор қабул қилган эди.
Шавкат Мирзиёёв Ўзбекистон 2020 йилгача мева-сабзавот етиштиришни ҳозирги кўрсаткичдан икки мартага кўпайтиражаги тўғрисида 12 июль куни Тошкентда очилган Биринчи мева-сабзавот халқаро ярмаркаси маросимида баёнот берган эди.
Мирзиёевга кўра, бу йил Ўзбекистонда 16 миллион тонна мева ва сабзавот етиштирилади. Бу кўрсаткич яқин тўрт йил ичда 32 миллион тоннага етказилади.
Июлнинг сўнгги кунларида Ўзбекистон жорий йилнинг биринчи ярмида мева-сабзавот экспорти ҳажмини бир йил аввалги кўрсаткичдан 30%га ошириб, 354 минг тоннага етказгани хабар қилинди.
Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига кўра, экспортга чиқарилган маҳсулотнинг 270 минг тоннаси мева, 130 минг тоннаси узум, 1,3 минг тоннаси полиз маҳсулотларидир. Экспорт умумий ҳажмининг 60-65 фоизи Россия ҳисобига тўғри келган.
14 сентябрда эса, Москвага сафар қилган Бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимов етакчилигидаги делегация Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун "яшил йўлак" очиб бериш таклифи билан Россияга мурожаат қилди.