Шавкат Мирзиёев бир ҳафталик таътилдан қайтди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли меҳнат таътилидан қайтган. Бу ҳақда 29 апрель куни эрталаб президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълумот тарқатди.

Озодлик аввалроқ президент матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда Шавкат Мирзиёев 22 апрелдан қисқа муддатли таътилига чиққани ҳақида хабар қилган эди. Ўшанда бу таътил қанча давом этишига аниқлик киритилган эмас.

Мирзиёев таътилда бўлган пайтда Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистонга сафари доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган, бироқ унинг Ўзбекистон президенти билан учрашиб-учрашмагани ҳақида ҳеч қанақа расмий маълумот тарқатилмаган. Айни пайтда Кэмерон минтақанинг бошқа мамлакатларида бўлган чоғида давлат раҳбарларининг барчаси билан учрашгани маълум.

Янги ҳафта бошидан ишга қайтган Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни президент маслаҳатчилари, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаши билдирилган.