Бош вазир ва муваққат президент Шавкат Мирзиëевнинг тадбиркорлар ва хусусий мулкни ҳимоя қилишга қаратилган 5 октябрь кунги фармонига муносабат билдирган айрим ўзбек тадбиркорлари бу фармон ўзбекистонликларга иқтисодий эркинлик бериш ва мамлакат иқтисодини тез суръатларда ривожлантиришга асос бўлиши мумкинлиги ҳақида эҳтиëткор-некбин фикр билдирдилар.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Шавкат Мирзиëевнинг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга¸ хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланган концептуал фармони Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида фаолият юрғизаëтган ўзбекистонлик тадбиркорлар томонидан ижобий қарши олинмоқда.
“Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш¸ уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш” мақсадида қабул қилингани айтилаëтган бу фармонга муносабат билдиришни сўраб Озодлик мухбири Ўзбекистон¸ қолаверса яқин ва узоқ хорижда хусусий ширкатларга эгалик қилувчи тадбиркорларга мурожаат қилди.
Ўз шахси очиқланмаслигини сўраган биринчи суҳбатдошимиз¸ Ўзбекистондаги кўп тармоқли бизнес структурасида фаолият юрғизади.
Бу суҳбатдош таъкидича¸ Мирзиëевнинг 5 октябрь кунги фармони тадбиркорга эмас¸ балки шу пайтгача уни эзиб келган¸ адлия соҳасини “приватизация” қилган давлат идоралари¸ биринчи галда эса¸ назорат органларига қаратилган фармондир.
“Бурнингни ҳамма ëққа тиқмаларинг! Тадбиркорга ТЕГМАЛАРИНГ!” деяпти Мирзиëев. Ҳозир Ўзбекистон судларида МХХ ва прокуратура томонидан “приватизация” қилинган қанчадан-қанча жиноий иш бор. Масалан биттаси¸ сизнинг радионгиз томoнидан ëритилаëтган Матëқуб Матчонов иши. Бу одам олдин жиноят қилмаган¸ етказилган зарарни тўлаб бўлган дейилаяпти. Демак¸ Мирзиëевнинг янги фармонига мувофиқ¸ бу тадбиркор суд залидан озод этилиши керак. Бу одам¸ кичик бир тадбиркор. Қанчадан-қанча катта тадбиркорлар иши ҳозир судларда. Бу судларни ким назорат қилади – тепадагилар¸ МХХ генераллари¸ прокурорлар. Уларнинг айтгани айтган¸ дегани деган судларда. Кўрамиз¸ Матчонов келаси ҳафта янги фармонга кўра¸ суд залидан озод қилинса¸ демак¸ назорат органлари бу фармондан тўғри хулоса чиқарган бўлади. Чиқармаса¸ демак¸ улар Мирзиëевга буйсунишни истамаяпти¸ деймиз”¸ деди Озодлик суҳбатлашган йирик тадбиркорлардан бири.
Озодлик суҳбатлашган иккинчи тадбиркор¸ бевосита Ўзбекистон ичкарисидаги хусусий ишлаб чиқариш корхонаси вакили. Бу суҳбатдошга кўра¸ ўзбекистонликларга иқтисодий эркинлик бериш концепциясига асосланган бу фармон амалга кўчса¸ Ўзбекистон “иккинчи Хитой”га айланиши мумкин.
“Сиëсий эркинликлар чеклангани ҳолда¸ Хитойда тадбиркорлик учун эркинлик берилган. Хитойдаги иқтисодий ўсишни таъминлаëтган¸ 1¸5 миллиардлик аҳолига иш топиб бераëтган ҳам айнан шу хусусий тадбиркорлар. Мирзиëев фармони амалга ошиб¸ кичик тадбиркорга нисбатан давлат органлари аралашуви кескин чекланса¸ бизда ҳам иқтисодий ўсиш потенциали баланд. Лекин бу фармон амалга кўчадими-йўқми¸ бунисини кўрамиз энди.
Бу фармондаги энг катта ўзгариш¸ встречний текширувлар¸ муқобил текширувларнинг бекор қилингани бўлди. Олдин текширувга тушган битта тадбиркорнинг ишини кўриш давомида у билан ишлаган ҳамма тадбиркорнинг бизнеси текшириларди. Шуни бекор қилгани зўр бўлди. Бундан кейин янги қонунлар чиқади бу фармон асосида. Ана шу қонунларда¸ тадбиркорни ўз даромадини яшириш¸ икки хил бухгалтерия қилишга мажбурлайдиган жиҳатлар ҳам олиб ташланиши керак”¸ деди Ўзбекистондаги кичик ишлаб чиқариш ширкати вакили.
Озодлик ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Шавкат Мирзиëевнинг концептуал деб кўрилаëтган 5 октябрь кунги фармони тўғрисида билдираëтган фикрларини ўрганишда давом этади.
Мабодо сиз ҳам тадбиркор бўлсангиз¸ марҳамат¸ бу фармон¸ унинг сизнинг фаолиятингизга кўрсатиши мумкин таъсири ҳақидаги мулоҳазаларингизни Озодлик саҳифаси орқали жамоатчилик билан ўртоқлашинг.