Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи Шаҳноза Умарова Ўзбекистонда уч ой муқаддам ташкил этилган Мактабгача таълим вазирлигида масъул лавозимга тайинланди.
Бу ҳақда Озодликка Мирзиёевнинг оиласига яқин манбалардан бири ва Ўзбекистон ҳукуматидаги юқори лавозимли мулозим маълум қилди.
Бу хабарни тасдиқлаган Мактабгача тарбия вазирлиги ходими 31 яшар Шаҳноза Умарованинг айнан қайси лавозимга тайинлангани аниқ эмаслигини айтди.
Бироқ, исми сир қолишини сўраган вазирлик ходимига кўра, Шаҳноза Умарова Ўзбекистонда боғчалар тизимини ислоҳ қилишга масъул этиб тайинланган.
Шаҳноза Умарова 18 декабрь куни Президент Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида вазир Агрепина Шиннинг ёнида ўтирган.
Шавкат Мирзиёев Мактабгача таълим вазирлигини ўзининг 30 сентябрдаги "Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори билан ташкил этганди.
Президент 19 октябрь куни мактабгача таълим тизимини такомиллаштиришга бағишланган йиғилишда, "биз мактабгача таълим соҳасида ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратишимиз керак. Келгуси 3-4 йилда 5-6 ёшдаги барча болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олишга эришмоғимиз шарт. Бу эртанги кунимизни ҳал қиладиган масала ва биз буни албатта амалга оширамиз", деб айтган эди.
Янги вазирликка Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори, сенатор Агриппина Васильевна Шин раҳбари этиб тайинланган.
Нега қизи?
Президент расмий сайтининг билдиришича, Шавкат Мирзиёев 18 декабрда ҳукумат аъзолари билан видеоселектор мажлиси ўтказиб, Ўзбекистондаги боғчаларда болани ижтимоий, шахсий, ҳиссий, нутқий, математик, физио-психологик, жисмоний ва ижодий ривожлантириш бўйича таълим дастурлари жорий этиш тўғрисида кўрсатма берган.
Мактабгача таълим вазирининг ўринбосари Қаҳрамон Арипов "Ўзбекистон" телеканалига берган интервьюсида болалар боғчаларини Жанубий Корея тажрибасига асосланиб барпо этилишини маълум қилди:
- Янги қурилаётган мактабгача таълим муассасалари асосан Корея тажрибасидан келиб чиқиб қуриладиган бўлди. Катта-катта мактабгача таълим муассасаси эмас, яъни элликта, юзта ва юз элликта ўринли мактабгача таълим муассасини қуриб, унумли фойдаланишига ҳам катта аҳамият қаратилди, - деди Қаҳрамон Арипов.
Яқин дугоналаридан бирининг билдиришича, Шаҳноза Умарованинг отаси президент этиб сайлангунга қадар бир неча йил давомида Жанубий Кореяда яшагани унга янги вазифани бажаришда қўл келмоқда.
"Шаҳноза Шавкат Миромонович президент бўлгунга қадар бир неча йил Жанубий Кореяда яшади. Эри Отабек Ўзбекистон консуллигида ишларди. Қизчали бўлди. Уй бекаси эди. Жанубий Кореядаги болалар боғчалари қандай ишлашини яхши ўзлаштирди. Ана ўша малакаси энди иш беради," - деди Шаҳноза Умарова дугоналаридан бири.
Куёвлар
Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич куёви - Ойбек Турсунов президент маъмурияти раҳбарининг ўринбосари лавозимида ишлайди.
Ўзбекистон президентининг кичик куёви Отабек Умаров "қайнотасининг тансоқчиси", деган маълумотлар мавжуд.
Ҳар ҳолда, Eltuz.com нашри 8 январь куни Мирзиëев кичик куёви Отабаек Умаровни хавфсизлик тизимларига ишга олганини ëзиб чиққан эди.
Нашр иддаосига кўра¸ президентнинг кенжа куёви январь ойи бошида президент хавфсизлик хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
Назарбоевдан Раҳмонга қадар
Марказий Осиё мамлакатларида президентлар фарзандларининг юқори ҳукумат лавозимларига тайинлаш Нурсултон Назарбоевдан бошланган.
Қозоғистон президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоева "Кабар" ахборот агентлигидан тортиб, Бош вазир биринчи ўринбосарига қадар ҳукумат пиллапояларини босиб ўтган.
Ҳозир 54 яшар Дариға Назарбоева Қозоғистон Сенати аъзосидир.
Тожикистонда президент Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Раҳмон пойтахт Душанбе ҳокими бўлса, тўнғич қизи Озода Раҳмон президент девони бошлиғидир.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ўғли Сердар мамлакат парламенти депутатидир.
Туркманистон президенти ўз ўғлига 27 октябрда подполковник рутбасини берганди.