Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди, икки давлат ўртасида 15 дан зиёд ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ХХР раиси Си Цзиньпин билан (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга ташрифи доирасида 24 январь куни ХХР раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди. Президент матбуот хизмати қайдича, музокаралар икки мамлакатнинг расмий делегациялар аъзолари иштирокида ўтказилган.

Учрашув аввалида икки давлат раҳбарлари кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар ривожида кучли суръатга эришилганини таъкидлашган.

Мирзиёев Сига камбағалликка қарши курашиш бўйича ҳамкорликка шахсан эътибор қараётгани ва қўллаб-қувватлаётгани учун ташаккур билдирган.

Учрашувда 2023 йил якунлари бўйича Ўзбекистон билан ХХР ўртасидаги товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етгани, яқин истиқболда буни 20 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланган.

Инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг молиявий воситаларини кенгайтириш, жумладан, қўшма платформа яратиш борасида келишувларга эришилганини, шунингдек, Хитой Эксимбанкининг Тошкент шаҳрида Марказий Осиё учун минтақавий офис очиш қарорини олқишлаган Мирзиёев хитойлик шерикларни Ўзбекистондаги давлат корхоналари ва банкларини хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирган.

Шунингдек, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Трансминтақавий транспорт ва транзит кўпригининг муҳим таркибий қисми бўладиган “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳим экани урғуланган.

Томонлар “Ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позиция ўзгармас эканини тасдиқлашган. Музокаралар якунида Мирзиёев ХХР раисини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилган.

Шундан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтиб, унда Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин Қўшма баёнот имзолашган. Ҳужжатда томонларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни турли соҳаларда ҳар томонлама мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шерикликни мазмун жиҳатидан бойитишга интилиши тасдиқланган.

Бунинг ортидан Мирзиёев ва Си ҳузурида 15 дан зиёд ҳужжат имзоланган. Улар орасида икки давлат ҳукуматлари ўртасидаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида, техник-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида, инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида, давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамкорлиги тўғрисида битимлар ҳамда бошқа ҳужжатлар бор.

Пекиндаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон президенти Пекиндан Гуандун музофотига йўл олган. У ерда Мирзиёев 25 январь куни Ўзбекистон-Хитой инвестиция форумида иштирок этиши, ХХР етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши кутилмоқда.