Шавкат Мирзиёев Урсула фон дер Ляйенга табрик мактуби йўллади

Урсула фон дер Ляйен

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Урсула фон дер Ляйенни Европа комиссияси президенти лавозимига қайта сайлангани муносабати билан табриклаб, унга мактуб йўллаган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.

Асадовга кўра, Мирзиёев ўз мактубида Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда Европа Иттифоқи билан кенг қамровли муносабатларини сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтаришда, “Ўзбекистондаги ортга қайтмас тус олган демократик ва иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда Еврокомиссия Президентининг улкан шахсий ҳиссаси бор”лигини урғулаган.

Мактубда Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан муносабатларда мутлақо янги саҳифа очадиган Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битимни тез орада имзолаш тарафдори экани қайд этилган.

Яқин келажакда Самарқанд шаҳрида биринчи “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” саммити ўтказилиши минтақавий алоқаларимизни манфаатли лойиҳалар ва дастурлар билан бойитиш йўлида муҳим амалий қадам бўлишига аминман", дейилган президент Мирзиёев мактубида.

Германиялик сиёсатчи Урсула фон дер Ляйен номзоди 18 июль куни Европарламент томонидан яна беш йилга Европа комиссияси раҳбари лавозимига тасдиқланган эди. Маълумотларга кўра, Европарламентдаги 720 депутатдан 401 нафари Урсула фон дер Ляйен номзодини ёқлаб, овоз берган. Бу Европа комиссияси президенти бўлиш учун зарур бўлган овоз миқдоридан 40 тага кўпдир. Яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда 284 нафар депутат Урсула фон дер Ляйенга қарши овоз берган, депутатлардан 15 нафари эса овоз беришдан тийилган.

Аввалроқ ЕИга аъзо давлатлар раҳбарлари ҳам Урсула фон дер Ляйен номзодини маъқуллаган эдилар.