Афғонистон можаросини ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг имкони йўқ, инклюзив афғонлараро музокаралар тез фурсатда қайта тикланиши лозим. Бу фикр Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Афғонистон президенти Ашраф Ғани ўртасида 15 июль куни Тошкентда ўтказилган учрашув чоғида билдирилди.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, икки президент музокарасида минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари кўриб чиқилган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистонда барқарор тинчликка эришилишига фаол кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлаган.
Учрашувда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш баробарида Афғонистоннинг транзит салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган қўшма транспорт ва энергетика инфратузилмаси лойиҳаларини, хусусан, “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул - Пешовар” темир йўли ва янги “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиясини барпо этиш лойиҳаларини янада илгари суриш муҳим экани таъкидланган.
Ш. Мирзиёев ва А. Ғани икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, эришилган келишувларни амалга ошириш борасида ниятлари қатъий эканини қайд этишган.
Афғонистон президенти Ашраф Ғани Ўзбекистонга 15-16 июль кунлари “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида Тошкентда ўтказилажак халқаро конференцияда иштирок этиш учун келган.