Озод Россия форуми ҳаммуассиси ва мухолифатчи Гарри Каспаров “Росфинмониторинг”нинг террорчи ва экстремистлар рўйхатига киритилди. Реестр маълумотига мувофиқ, унга қарши терроризм моддаси бўйича жиноят иши очилган. Ишга доир бошқа тафсилотлар очиқланган эмас.
Ўтган йил охирида Россия Ички ишлар вазирлиги Украина тарафида туриб жанг қилаётган россиялик кўнгиллиларни дастаклаш учун аукцион ўтказган Гарри Каспаров ва унинг сафдоши Иван Тютрин хатти-ҳаракатларида “жиноят унсури”ни топган эди.
Вазирлик Каспаров ва Тютринни “исталмаган ташкилот фаолиятида иштирок этганлик”да айблаган. Аввалроқ Озод Россия форуми ана шундай “исталмаган ташкилот” ўлароқ тан олинган эди.
Бунга оид материаллар амалдаги қонунчиликка мувофиқ қарор чиқариш учун Россия Тергов қўмитасига йўлланган. Аммо Каспаровга қарши жиноят иши очилгани ҳақида ҳеч қанақа хабар берилган эмас.
Шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Гарри Каспаров Россиядаги мухолифат ҳаракатининг фаол иштирокчиларидан бири бўлиб ҳисобланади. У 2013 йили Россияни тарк этган эди. Каспаров турли нашрларда, шу жумладан АҚШ оммавий ахборот воситаларида Россия расмийларига қарши Украинани дастаклаб тез-тез чиқишлар қилиб туради. 2022 йилнинг май ойида Россия Адлия вазирлиги Каспаровни “хорижий агент” дея тан олган.