Шахматчи Афруза Ҳамдамова иккинчи бор жаҳон чемпиони бўлди

Иллюстратив сурат

Шахматчи Афруза Ҳамдамова ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида яна бир тарихий натижага эришди, дея маълумот тарқатди Ўзбекистон шахмат федерацияси.

Ўн беш ёшли Афруза Бразилияда 28 октябрдан 10 ноябрга қадар бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги FIDE жаҳон чемпионатининг 16 ёшгача қизлар баҳсларида муддатидан олдин чемпион бўлди.

У 11 та партиядан 10,5 очко тўплаган (10 та ғалаба ва 1 дуранг).

Бу Самарқанд шахмат мактаби тарбияланувчиси Афруза Ҳамдамованинг иккинчи бор шахмат шоҳсупасига кўтарилишидир. У 2023 йилда Италияда ўтказилган 14 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб чиққан ва аёллар орасида ўзбекистонлик биринчи жаҳон чемпионига айланган эди.

Унга қадар Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Баҳора Абдусатторова қўлга киритган кумуш медаль мамлакат шахматчи аёллари эришган энг юқори натижа бўлган.