Шахсга доир маълумотларни Cloud'да сақлаш таклиф қилинди

TBC Group вакили Оливер Ҳюз (архив сурати)

TBC Group вакили Оливер Ҳюз (архив сурати)

TBC Group вакили Оливер Ҳюз Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан шахсга доир маълумотлар ва банк ахборотларини булутли технологияларда (Cloud) сақлашга рухсат беришни сўради.

Банкир бу таклифни 20 декабрь куни президент ва тадбиркорлар мулоқотида илгари сурган.

Бугунги кунда банклар учун маълумотларни сақлашга нисбатан талаблар жуда қаттиқ. Уларни ўз ҳисоблаш марказларимизда сақлашимиз керак, бу жуда қиммат ва уни кенгайтириш қийин. Ҳозирча яхши, лекин биз қанча узоққа бормоқчи бўлсак, бу қийинлашиб бораверади. Бу бутун мамлакатдаги технологик компанияларининг ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин. Биз банкларга ўз маълумотларини Cloud’да, Ўзбекистонда ва ҳатто офшор ҳудудларда сақлашга рухсат беришни қонунчиликка киритишни таклиф қилмоқчимиз”, дея Оливер Ҳюздан иқтибос келтирган Kun.uz нашри.

Мирзиёев масала ўта жиддийлигини қайд этиб, Иқтисодиёт ва молия, Адлия вазирликлари ҳамда Марказий банкка ҳар томонлама пухта ўйлаб ечим топишни буюрган.

Фақат тўғри қарорлар қабул қилишимиз керак. Фуқароларнинг шахсий маълумотлари ҳақида гаплашяпмиз. Бу жуда жиддий масала. Хато қилишга ҳаққимиз йўқ”, деган Мирзиёев.

Маълумот ўрнида: 2021 йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар ва глобал интернет-компанияларни Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудида жойлашган серверларда сақлашга мажбурловчи қонун қабул қилинганди. Ўшанда ушбу қонунга асосан ижтимоий тармоқлар блокланган, пировардида бу ҳукуматда инқирозга сабаб бўлган эди.