Шерали Жўраев 23 йиллик тақиқдан кейин илк бор “Шарқ тароналари”да қўшиқ айтди

23 йиллик тақиқдан кейин Шерали Жўраев илк марта “Шарқ тароналари” фестивалида қўшиқ айтди. Сурат "Ўзбекистон24" телеканали трансляциясидан кўчирилди.

“Шарқ тароналари” XI Халқаро мусиқа фестивалининг 28 августда ўтказилган очилиш маросимида Ўзбекистон Халқ артисти, ҳофиз Шерали Жўраев Бобур ғазалига басталанган “Баҳор айëмида” қўшиғини ижро қилди.

70 яшар Шерали Жўраев 1997 йилдан буён ҳар 2 йилда 1 марта ўтказилаётган мазкур фестивалда илк бор иштирок этди.

“Шарқ тароналари” мусиқа фестивалининг исми айтилмаслиги шарти билан гапирган собиқ ташкилотчиларидан бири, ўша даврдаги ҳукумат аъзосининг Озодликка айтишича¸ 1997 йилги илк фестивалда Шерали Жўраевнинг иштирок этишига тақиқ қўйилган. Суҳбатдошга кўра, "энг юқори идора"дан бўлган бу тақиқ кейинги 20 йил мобайнида кучда қолгани боис¸ фестиваль ташкилотчилари Шерали Жўраев тадбир қатнашчилари рўйхатига киритмай келган.

- Жорий йилнинг 21 январь оқшомида Шерали Жўраев ижодига бағишланган кўрсатув Milliy TVда намойиш қилингани ортидан у кишининг "Шарқ тароналари" фестивалида қатнашиши учун йўл очилди¸ деди собиқ мулозим.

1993 йилдан буён, нафақат теле-радиоканал, балки катта саҳналарда ҳам куйлаши тақиқлаб қўйилган ҳофиз Шерали Жўраев Каримовнинг ўлимидан кейингина катта саҳна ва телеканал дастурларига қайта олди.

Жонли айтишга изн берилмади

“Шарқ тароналари” фестивалининг ТВ трансляцияси билан шуғулланаëтган гуруҳ аъзосининг Озодликка айтишича¸ тадбирнинг очилиш маросимида Шерали Жўраев қўшиқни жонли айтиш истагини билдирганига қарамай, бошқа ашулачилар қатори фонограммадан фойдаланишга мажбур бўлган:

- Доимо жонли айтиб юрган Шерали Жўраевнинг лаб қимирлатиши фонограммага мос келмагани боис, крупний кадрларни берманг, деган кўрсатма бўлди. Оригиналида 11 дақиқали қўшиқ 4 минутга қисқартирилди. Фестивалнинг 28 август кунги Мирзиëев қатнашган дастурида накладка бўлмаслиги учун барча дастур фонограммада намойиш қилинди. Лекин фестивалнинг қолган кунларида жонли ижрога изн бор,- деди суҳбатдош.

“Шарқ тароналари” XI Халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади. Президент ушбу халқаро фестивалда юқори мартабали меҳмонлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этаётганини алоҳида тилга олди ва меҳмонларни кириб келаëтган Қурбон ҳайити билан қутлади.

Фестивалда дунёнинг 58 мамлакатидан келган шарқ мусииқаси ижрочилари ва мунаққидлари иштирок этмоқда.