Ўзбекистон ҳукуматининг Шерали Жўраев вафоти муносабати билан билдирган таъзиясини президент Шавкат Мирзиёев, Сенат раиси Танзила Норбоева, бош вазир Абдулла Арипов доҳил бир неча юқори лавозимдаги мансабдорлар имзолади.
Таъзияда Шерали Жўраев “миллий қўшиқчилик санъатининг атоқли намояндаси, устоз санъаткор”, “ўзбек қўшиқчилик санъатининг “олтин фонди”ни бойитишга беқиёс ҳисса қўшган” шахс сифатида эътироф этилади.
“Шерали Жўраев кўп йиллик самарали ижоди билан замонавий миллий санъатимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, унинг шуҳратини чет элларда кенг тарғиб этиш борасида ҳам фидойилик кўрсатди. У жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этди. Айниқса, миллий парламентимиз депутати сифатида мустақиллигимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида жонбозлик билан фаолият олиб борди”, - дейилади таъзияда.
Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев 4 сентябрь куни 76 ёшида вафот этгани тўғрисида Озодлик аввалроқ хабар берган эди.