Сурхондарёда туман ИИБ бошлиғи устидан жиноят иши қўзғатилди

Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Бахтиёр Раҳмонқулов ҳибсга олиниб, унинг устидан жиноят иши қўзғатилди. Озодликнинг вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган манбасига кўра, собиқ милиция бошлиғи мансабини суиистеъмол қилганликда ва молиявий жиноятларда айбланмоқда.

Шеробод туман ички ишлар бўлими бошлиғи Бахтиёр Раҳмонқулов 11 октябрь куни ҳибсга олинди. Шу куни Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига сафар қилган эди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Шеробод тумани ҳокимиятида ишлайдиган манбага кўра, бошлиқни ўз иш кабинетидан олиб кетишган:

“Туман ички ишлар бўлимида ишлайдиган танишимнинг айтишича, милиция бошлиғини қўлига кишан солиб, бошига қоп кийгизиб олиб чиқиб кетишган. Милиционерларга бўлган воқеа ҳақида ҳеч кимга гапирмаслик тайинланган. Айни пайтда, уни вилоят прокуратураси тергов қиляпти. Раҳмонқулов молиявий жиноятлар содир қилганликда ва мансабини суиистеъмол қилишда гумонланмоқда”, деди манба.

Овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка гапирган вилоят ички ишлар бошқармаси мулозимларидан бири, айни пайтда Бахтиёр Раҳмонқуловнинг очиққа чиқарилганини айтди:

“Раҳмонқулов бир неча кун ҳибсда турганидан сўнг, ундан вилоят ҳудудини тарк этмаслик ҳақида тилхат олиниб, очиққа чиқарилган. Терговга уйидан қатнаяпти”, деди мулозим.

Исми сир қолишини сўраган шерободлик тадбиркорлардан бирининг иддао қилишича, собиқ милиция бошлиғининг “солиқ”ларидан тадбиркорлар зада бўлиб қолган эди:

“Битта оддий мисол, пахта терими пайтида ишлаб туриш учун тумандаги катта-катта ошхоналарнинг эгалари ўлпон тўлаб туришарди. Тадбиркорларни ҳам кўп қақшатган эди. Раҳмонқулов ўғлини уйлантирмоқчи бўлиб, тўйга тайёргарлик кўраётган эди. Қўлга олинмасидан аввал Шингдон ёғ-мой заводи директоридан ҳам тўй баҳона 100 литр ёғ сўраган экан”, деб иддао қилди тадбиркор.

Сурхондарё вилояти прокуратурасидан Бахтиёр Раҳмонқуловнинг иши юзасидан қўшимча тафсилот олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда милиция ходимларининг турли хил айбловлар билан ҳибсга олиниши тез-тез кузатилади.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Наманган вилояти ИИБ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходими порахўрлиги ва ҳамда катта миқдордаги маблағни талон-тарож этгани учун 8 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Шу йилнинг 16 сентябрида эса Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ва ҳайдовчиси билан бирга яна олти нафар милиция ходими пора олганликда айбланиб, ҳибсга олинди.

2016 йилнинг июнь ойида Сирдарёда балоғат ёшига етмаган қизни зўрлаган милиция ходимлари қамоққа олиниб, улар устидан жиноят иши қўзғатилган эди.

Март ойида эса Фарғона вилояти Бешариқ тумани Ички ишлар бўлимининг катта лейтенанти маҳаллий тадбиркорни отиб ўлдирганликда гумонланиб ҳибсга олинди. Тергов маълумотларига кўра, исми ошкор қилинмаётган 29 яшар милиция ходими жиноятини яшириш мақсадида тадбиркорнинг мурдасини майда бўлакларга бўлиб сувга оқизиб юборган.