Сурхондарёда шифокорлар гўнг ҳисобини олишга сафарбар қилинди

Газ ва электр қуввати тақчил шароитда тезак Ўзбекистон қишлоқларида стратегик ёқилғига айланади.

Сурхондарё вилоят, Шўрчи туман Давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг шифокор ва ҳамширалари фермер хўжаликлари ва аҳоли уйларида қанча гўнг захираси борлигини аниқлашга сафарбар қилинди.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган шифокорларнинг айтишича, улар ўз ҳисобидан такси ёллаб, узоқ қишлоқлардаги гўнг захирасини аниқлашга мажбур бўлмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Сурхондарёда шифокорлар гўнг ҳисобини олишга сафарбар қилинди

Шўрчи туман Давлат санитария ва эпидемиология назорат маркази шифокорларидан бири улар касбига мутлақо алоқаси бўлмаган ишни қилишга мажбурланаётгани ҳақида Озодликка ёзди:

“Мен Сурхондарё вилоят, Шўрчи туман ДСЭНМдан ёзяпман. Бизни қишлоқлардаги гўнг захирасини аниқлашга мажбуран юборишяпти. Бу адолатданми, ахир давлат шифокорларни қаерда қанча гўнг борлигини аниқлаш учун ўқитмаганку?!”, деб ёзди шифокорлардан бири.

Озодлик Шўрчи туман ДСЭНМида ишлайдиган бошқа бир шифокор билан боғланганида, у ва икки шериги узоқ қишлоқлардан бирида 20 тонна гўнг борлигини аниқлаб келганини айтди:

“Э, нимасини айтасиз! Асосий ишимиз қолиб, қаерда қанча гўнг бор экан деб ахтариб юрибмиз. Бу ҳаммаси кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас. Масалан, биз, ўша қишлоққа бориб фермерларни топамиз ва қанча гўнги борлигини сўраймиз. У ҳам фалон тонна дейди. Албатта, биз уни тортиб кўриш имкониятимиз йўқ, ҳа шунча экан, деб ёзиб қўямиз. Кейин аҳолининг уйларига кириб сўраймиз. Бунақа аҳмоқона ишнинг кимга кераги бор, биз ҳам тушунмаймиз”, деди шифокор.

Унинг айтишича, шифокорлар қишлоқларга ўз ёнларидан харажат қилиб, таксида бориб келишга мажбур:

“Қишлоқлар марказдан 8-10 километр масофада жойлашган. Автобус юрмайди. Таксида бориб, таксида қайтамиз. Агар идорамизда қарийб 70 киши ишласа, 10 га яқин 2-3 кишилик гуруҳлар ташкил қилинган. Биз асосий ишимиз қолиб, гўнг ахтариб юришга мажбур бўляпмиз. Ўтган йил ҳам худди шундай бўлган эди, лекин бу ҳақда Озодлик ёзганидан сўнг дарҳол тўхтатишган ва шифокорлар асосий ишига қайтган эди. Бу йил яна бошлашди”, дейди шифокор.

Озодлик Шўрчи туман ДСЭНМ бош шифокори Мусурмон Эшқобилов билан боғланишга бир неча бор уриниб кўрди. Лекин бош врач доим қўнғироққа жавоб бермай, ўчириб қўяверди.

Ўтган йилнинг февраль ойида Шўрчи туман ДСЭНМ бош шифокори ўринбосари бўлиб ишлаган Мусурмон Эшқобилов ходимларни гўнгни ҳисобга олишга сафарбар этилганини Озодлик билан мулоқот чоғида тан олган эди:

“Гўнг масаласи бу республиканики, ҳукуматники. Фермерларга яқиндан ёрдам бериш, гўнг захираларини яратиш, шу бўйича ёрдам беряпмиз. Одамларимиз уйма-уй юриб санитария ҳолатини, тозалигини аниқлайди, чиқинди ва гўнгларни бу ёққа чиқариб беринглар деб, тушунтириш ишлари олиб боради", деган эди бош шифокор ўринбосари Мусурмон Эшқобилов 2017 йилнинг 1 февралида Озодликка берган интервьюсида.

Мусурмон Эшқобилов бу топшириқ туман ҳокими томонидан берилганини ҳам айтган эди.

Озодлик Шўрчи туман ҳокимлиги билан боғланиб, бу масалага изоҳ олмоқчи бўлди. Бироқ, ҳоким ёрдамчиси ҳоким Ботир Алимов селектор йиғилишида эканлигини айтиб, бу масаладан умуман хабари йўқлигини айтди.

Ўзбекистонда шифокор ва ўқитувчиларнинг ободонлаштириш ва дала ишларига жалб қилиниши доим инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан танқид қилиб келинади.

Ўзбекистондан бир қанча вилоятлар ҳокимлари ўтган йил пахта мавсуми олдидан ўқитувчи ва шифкорларни теримга жалб этмаслик ҳақида ваъда ҳам берган эди.

Лекин, терим бошланганидан сўнг, аксарият вилоятларда ўқитувчи ва шифокорлар пахта теримига чиқарилди.

2016 йилнинг июль ойида ҳам Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани ДСЭНМ ходимлари уйма-уй юриб аҳолидан гўнг йиғишга сафарбар этилган эди.

2015 йилнинг март ойида Наманган вилояти Уйчи туманидаги мактаблар ўқувчиларига бир қопдан гўнг олиб келиш мажбурияти юкланган эди.