Шимолий Корея Япон денгизи томонга қисқа масофали бир неча баллистик ракета учирган. Бу ҳақда “Рёнхап” агентлиги Жанубий Корея ҳарбийларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. КХДР бир неча кун аввал ҳам баллистик ракета учирган эди.
Жанубий Корея штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси маҳаллий вақт бўйича эрталабки соат 7:30 ларда Шимолий Хванхэ вилоятининг Саривон деган жойидан ракеталар учирилганини аниқлаганини билдирди. Айни пайтда қўмита учирилган ракеталар сонига аниқлик киритган эмас.
NHK телеканали Япония Мудофаа вазирлигидан олинган маълумотларга таянган ҳолда камида еттита ракета учирилгани ҳақида хабар қилди. Ракеталар денгизга бориб тушишдан аввал 400 километр масофани учиб ўтган. Бу АҚШда президентлик сайлови бошланган куни содир бўлди.
Бу орада Шимолий Корея лидерининг синглиси Ким Ё Чжон КХДР яриморолда ҳарбий кучлар тенглигининг бузилишига йўл қўймаслигини билдирди, дея хабар қилди давлатга қарашли КМТА агентлиги.
“Бугунги кунда Корея яриморолида ва минтақада душманларимиз ва бизнинг ўртамизда кучлар тенглигининг бузилиши урушни англатади – бу инкор этиб бўлмас объектив воқеликдир”, дея билдирган Ким Чен Иннинг синглиси, Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси бўлим мудирининг ўринбосари лавозимини эгаллаб турган Ким Ё Чжон.
АҚШда президентлик сайловига бир неча кун қолган 31 октябрда КХДР Япон денгизи тарафга қитъалараро баллистик ракета учирган. Ўшанда Ким Чен Ин ракетанинг учирилишини “душманларга жавоб” деб атаган эди.
Ракета учирилишига жавобан Жанубий Корея, АҚШ ва Япония ўтган ҳафтада Қўшма Штатларнинг B-1B бомбардимончи учоғи иштирокида қўшма ҳаво машқларини ўтказишган.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг санкциялари Шимолий Кореяга ракета синовлари ўтказишни тақиқлайди. Айни пайтда Москва Украинага 2022 йилдаги босқиндан сўнг Пхенянга қарши санкция тартибини бузаётганликда мутназам равишда айбланиб келади. Москва бу айбловларни рад этиб келмоқда.
Ўтган йил сентябрида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва ва Пекин КХДРга қарши санкциялардан бош тормоқчи экани, чунки бу санкциялар “мутлақо бошқа геосиёсий вазиятда” қабул қилинганини билдирган эди.