Шимолий Македониядаги президент сайловининг иккинчи босқичида Гордана Сильяновска-Давкова ғалаба қозонди. У мамлакат тарихида президентлик курсисини эгаллайдиган илк аёлга айланди.
Сайлов бюллетенларининг бари санаб чиқилгани ортидан Сильяновска-Давкова 65,1 фоиз овоз, унинг рақиби ва амалдаги президент Стево Пендаровски эса 29,3 фоиз овоз жамғаргани маълум бўлган.
“Аёл кишининг президент этиб сайланишидан ҳам кўра каттароқ ўзгариш борми? Мен аёллар билан биргаликда олға босилган бу катта қадамни – ислоҳот қадамини қўяман”, деган Сильяновска-Давкова ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишида.
68 ёшли ҳуқуқ профессори Сильяновска-Давкованинг номзоди мухолифатдаги “Ички Македония инқилобий ташкилоти – Македония миллий бирлиги демократик партияси” томонидан илгари сурилган эди.
Йигирма икки партиядан иборат “Сенинг Македониянг” коалицияси ядросини ташкил қилган мазкур партия президент сайлови билан бир вақтда бўлиб ўтган парламент сайловида ҳам 43,2 фоиз овоз билан ғолиб келган. Етти йилдан буён ҳукмрон партия мақомида бўлган Македония Социал-демократик иттифоқи эса 15,4 фоиз овоз билан парламент сайловида иккинчи ўринни эгаллаган.
Сўнгги йилларда македонияликлар ўз мамлакатининг Европа Иттифоқига кириш учун имиллаб ҳаракатланаётгани, ланж иқтисодиёт ва коррупцияга қарши муваффақиятсиз курашдан шикоят қилиб келаётган эдилар.