Шимолий Осетияда муслималарга ниқоб тақиқига риоя этиш тавсия қилинди

Иллюстратив сурат

Шимолий Осетия мусулмонлари диний бошқармаси минтақа муслималарига вақтинчалик ниқоб тақиб юришдан воз кечишни тавсия қилди. Бу ҳақда ТАСС агентлигига республика муфтийсининг ўринбосари Ибрагим Дзагуров билдирган.

“Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштирувчи маркази томонидан ниқобни тақиқлаш бўйича қабул қилинган қарорга мувофиқ, биз ҳам Шимолий Осетия республикасида бу қарорга риоя қилишни тавсия қиламиз”, деган Дзагуров.

Мулозим мамлакатда амалда бўлган эътиқод эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисидаги қонун туфайли ниқобга нисбатан тўла тақиқ жорий қилиш мумкин эмаслигини қайд этган.

Аввалроқ Доғистон ва Қорачой-Черкесия муфтиятлари томонидан “минтақада тўла тинчлик ва осойишталик” ўрнатилгунига қадар ниқобга вақтинчалик тақиқ киритилган эди.

Маҳачқалъа ва Дарбанддаги ҳужумлар ортидан Россияда ниқоб тақиқига оид муҳокамалар бошланган пайтда Москва жомеъ масжиди бош имоми Илдар Аляутдинов ниқобни тақиқлаш Россия жамиятида тарангликка олиб келиши мумкинлигини билдирган.