Radio Free Asia (RFA) Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухториятида 56 ёшли этник қозоқ Қусман Раҳим Қуръон ўқигани учун қамалгани тўғрисида хабар берди.
Нашрнинг Қозоғистондаги “Атажурт” ташкилоти раҳбари Бекзат Мақсудхонга таяниб ёзишича, Қусман Раҳим 14 июлда қамоққа олинган, аммо бу ҳақда фақат 24 август куни маълум қилинган.
“Полиция унинг уйидан Қуръон китобини топган. Бу Қусманнинг қамалишига асосий сабаб бўлди. У, шунингдек, Қурбон ҳайити куни мусулмонларнинг уйларида ва никоҳ тўйларида Қуръон тиловат қилган”,- деди Бекзат Мақсудхон.
Бундан аввал Қуръон ўқигани учун 61 ёшли этник қозоқ Бақитхон Мирзан қамалгани ва у ўтган йилнинг ёзида қамоқхонада ўлгани тўғрисида хабар қилинган эди.
RFA хабарида айтилишича, Хитойда 2017 йилдан бошлаб Қуръон тиловат қилиш тақиқланган. Шу йилдан бошлаб расмий Пекин уйғур ва бошқа мусулмон миллатларни террорчилик ҳамда экстремистликка қарши кураш баҳонасида “қайта тарбиялаш” лагерларига жойлаштира бошлаган.
Халқаро ташкилотлар ва Ғарб давлатлари Хитойда 2017 йилдан бери то шу кунгача камида 1 миллион мусулмон “қайта тарбиялаш” лагерларида ноинсоний муносабат ва қийноқларга солинган ҳолда сақлаб келинаётганини билдириб келади.
2021 йилнинг декабрида Лондондаги уйғур трибунали Хитой ҳукуматини Шинжондаги уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмон халқларнинг геноцид қилинишида айбдор деб топди.
2022 йилнинг январида Глобал имомлар кенгаши 4–20 февраль кунлари Хитой пойтахти Пекинда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида мусулмонларнинг иштирок этиши тақиқланган қарорни эълон қилди.
2021 йил февралида Канада парламенти қуйи палатаси Шинжон-Уйғур мухториятида “туркий тилли мусулмон халқлар геноцид қилинаётгани” тўғрисидаги қарорни қабул қилган. Ўша йилнинг январида эса АҚШ давлат котиби Майк Помпео Шинжондаги вазиятни “геноцид” деб атаган.