Шоҳимардонга киришдаги “Оққия” маскани туну кун ишлашга ўтди

Жорий йилнинг 26 июлидан Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Фарғона” чегара божхона пости ҳамда Шоҳимардонга кириш қисмида жойлашган “Оққия” божхона маскани туну кун ишлаш режимига ўтказилган. Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, икки давлат чегарасида жойлашган чегара божхона постларидан самарали фойдаланишга доир келишувга Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг 18-19 июль кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида эришилган эди.

Президентлар келишуви ортидан Ўзбекистон ва Қирғизистон божхона ҳамда чегара хизмати раҳбарлари Фарғона вилоятидаги чегара-божхона постлари фаолиятини биргаликда кўздан кечириб, янги божхона постларини ташкил этиш ва мавжудларидан самарали фойдаланиш, божхона постларида тирбандликларнинг олдини олиш борасида мавжуд имкониятларни таҳлил қилишган. Пировардида божхона масканлари 24 соатлик иш тартибига ўтган.

“Эндиликда Шоҳимардонга дам олгани бораётган фуқаролар ушбу божхона объектлари орқали исталган вақтда ҳаракатланиш имкониятига эга бўлдилар”, дейилган божхона қўмитаси хабарномасида.