Украинадаги “Межигорье”, Қозоғистондаги Оқ ўрда қароргоҳлари, Туркманистондаги “Ўғузхон” саройи ва Туркиядаги президент комплекси ўртасида қандай умумийлик бор деб ўйлайсиз? Умумийлик шуки, уларнинг барчаси улкан ҳудудларни эгаллаган, жуда катта маблағ сарфлаб қурилган ва ниҳоятда ҳашаматли кўринишга эга. Бир сўз билан айтганда, бойлик ва авторитар ҳокимиятга қўйилган ҳайкаллар.
Қуйида – дабдаба ва сиёсий қудрат омихтаси бўлган энг муҳташам президент қароргоҳлари билан танишамиз.
УКРАИНА, Новие Петровци: “Межигорье” қароргоҳи
“Межигорье” Виктор Янукович Украина бош вазири ва президенти бўлган пайтларида унинг қароргоҳи эди. Янукович 2014 йилда Евромайдон намойишлари манзарасида Россияга қочгунига қадар шу ерда яшаган. Ушбу “коррупция музейи”да автомобиллар коллекцияси, гольф майдони, ҳайвонот боғи, фавворалар, вертолёт майдончаси ва ҳатто черков ҳам бор – бу “экспонатлар” Янукович ҳашаматга қанчалик ўч бўлганини кўрсатади.
БИРЛАШГАН АРАБ АМИРЛИКЛАРИ, Абу-Даби: Қаср Ал-Ватан
Бирлашган Араб Амирликларидаги Қаср Ал-Ватан президент саройи 2017 йилда қуриб битказилган, 2019 йилдан бошлаб эса у ерга зиёратчилар киришига рухсат берилди. Саройга 490 миллион доллар маблағ сарфлангани айтилади. Бинода осори атиқалар ва қўлёзмалар, шунингдек БААга чет эллик дипломатлар томонидан ҳадя қилинган буюмлар сақланади.
ТУРКИЯ, Анқара: Президент комплекси
2014 йилда Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон учун Оқ сарой комплекси қурилди. Сарой солиш учун катта ҳудуддаги ўрмон кесиб ташланган. 1100 тадан зиёд хоналардан иборат бино расман қарийб 615 миллион долларга тушган, аммо танқидчилар қурилишга аслида анча кўп пул кетганини айтадилар. Комплекс ҳудудида 3000 кишилик масжид ва 4 миллион жилддан ортиқ китоблар коллекцияси билан Туркияда энг йирик саналувчи кутубхона ҳам жойлашган.
РОССИЯ, Геленжик: “Путиннинг саройи”
Қора денгиз бўйида, Геленжик яқинида жойлашган сарой мажмуаси, айтишларича, Владимир Путиннинг қароргоҳи ҳисобланади. Саройга оид илк маълумотлар 2010 йилда пайдо бўлган эди. 2021 йилда эса рус мухолифатчиси, марҳум Алексей Навалний ҳужжатли фильм-суриштирув суратга олиб, унда сарой Россия президенти учун қарийб 1,4 миллиард долларга қурилганини маълум қилди. Суриштирувчиларга кўра, комплексда ерости хоккей стадиони, театр, виночилик корхонаси ва черков бор. Сарой усти парвоз тақиқланган ҳудуд бўлиб, учоқ ва вертолётлар у ерни айланиб ўтиши керак. Бу маълумотлар ўртага чиққач Путин саройга бирон алоқаси борлигини инкор қилди. Кейинроқ эса, россиялик олигарх ва Путиннинг дўсти Аркадий Ротенберг комплексни ўз мулки деб иддао қилди.
РОССИЯ, Москва вилояти: Ново-Огарёво
Ново-Огарёво – Владимир Путиннинг давлат қароргоҳи. У Москва шаҳридан ташқарида жойлашган. Бино 1950-йилларда қурилган, 2000-йилларда эса тубдан реконструкция қилинган. Айрим маълумотларга кўра, реконстркция чоғида қароргоҳга бир нечта сектор, жумладан Федерал қўриқлаш хизмати (ФҚХ) учун рекреация комплекси, вертолёт майдончалари ва ҳатто ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари қўшилган. Ер остида Путиннинг қароргоҳини ФҚХ комлекси билан боғловчи яширин йўлак борлиги тахмин қилинади.
ҚОЗОҒИСТОН, Остона: Оқ ўрда
Оқ ўрда – Қозоғистон президентининг қароргоҳи. У 2004 йилда, пойтахт Олмаотадан Остонага кўчирилишидан 7 йил кейин қуриб битказилган. Бинонинг биринчи эгаси Нурсултон Назарбоев эди, 2019 йилда эса у ерга иккинчи президент Қасим-Жомарт Тоқаев ўрнашди.
Оқ ўрданинг етти қаватидан иккитаси ер остида бўлиб, техник ва хўжалик хоналари сифатида фойдаланилади. Ер устидаги бешта қаватда кутубхона, хизмат хоналари ва бир қанча заллар – Шарқий, Мармари, Олтин, Овал, Қубба заллари, кенгайтирилган музокаралар зали ҳамда Хавфсизлик кенгаши зали жойлашган. Марказий холл 1800 квадрат метр майдонни эгаллайди, бинонинг умумий майдони эса 36 минг квадрат метрга тенг.
Президент сайтида Оқ ўрда “Байтерек” ва “Қазақ елі” ёдгорликлари, Тинчлик ва ҳамжиҳатлик саройи, “Хон Шотир” савдо-кўнгилочар марказини ўз ичига олувчи шаҳарсозлик ансамблининг композицион маркази деб аталган.
Қароргоҳнинг қиймати очиқланмаган. Президент ишлари бошқармаси Озодлик сўровига жавобида бу чекланган маълумотлар сирасига киришини билдирди.
ТОЖИКИСТОН, Душанбе: Миллат саройи
2008 йилда қурилган Миллат саройи Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг расмий қароргоҳи ҳисобланади. Уни қуриш учун 100 йиллик синагога ва бошқа кўплаб туташ бинолар бузиб ташланганида каттагина шов-шув кўтарилган эди. 300 миллион долларлик сарой атрофини хиёбонлар, фавворалар, Мустақиллик монументи, 165 метрли Душанбе флагштоки ва бошқа диққатга сазовор жойлар қуршаб туради.
ТУРКМАНИСТОН, Ашхобод: “Ўғузхон” президент саройи
“Ўғузхон” комплекси Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедовнинг расмий қароргоҳи ва иш жойи ҳисобланади. Сарой қадимги туркий қабилалар сардори исми билан аталади. Президентлар бу бинода 1990-йиллардан бери ишлайди. 2011 йилда эса 350 миллион доллар сарфлаб янги сарой ва қўшимча иншоотлар ҳам қурилди. Ҳозирда эса сарой олдида Қабуллар уйи ҳамда парадлар ва бошқа давлат тадбирлари учун майдон қурилмоқда.
ЎЗБЕКИСТОН, Тошкент вилояти: “Шоввозсой" комплекси
Озодликнинг 2021 йил февралида эълон қилинган суриштируви Тошкент яқинидаги тоғлар бағрида президент Шавкат Мирзиёев ва унинг оила аъзолари ҳордиқ чиқариши учун махфий қароргоҳ қурилганини ўртага чиқарганди.
Тошкентдан тақрибан 100 километр шимоли-шарқда, муҳофаза остидаги "Угам-Чотқол давлат миллий табиат боғи" ҳудудида барпо этилган қароргоҳ қурилишидан хабардор манбалар унга давлат бюджетидан қарийб 1 миллиард доллар маблағ сафрланганини айтишган.
Вертолётлар қўнадиган майдонларга эга ва устидан учиш тақиқланган мажмуа қурилиши 2017 йилда бошланиб, 2018 йил охирига бориб якунланган. Маҳаллий аҳоли вакиллари мажмуа ёнида барпо этилган янги сув омбори сув таъминотига путур етказгани, оилаларнинг кўчишига сабаб бўлгани ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганидан шикоят қилишган.
Расман “Шоввозсой дам олиш зонаси” деб аталган мажмуа буюртмачиси бўлган "Ўзбекистон темир йўллари" давлат ширкати аввалига қароргоҳнинг президент Мирзиёевга алоқасини рад этишга уринган, аммо кейинроқ Мирзиёевнинг ўзи "Шоввозсой"да хорижий давлат раҳбарларини меҳмон қилишини тан олган эди.
Ҳозирга қадар Шоввозсойдаги ҳашаматли қароргоҳ ўзбекистонлик солиқ тўловчиларга қанчага тушгани, унинг майдони ва бошқа тафсилотлари ҳақида жамоатчиликка очиқланган расмий маълумот мавжуд эмас.
"Шоввозсой" Ўзбекистон президентининг ягона қароргоҳи эмаслиги маълум.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди