Ўзбек киноси оқсоқоли¸ СССР халқ артисти¸ СССР давлат мукофоти лауреати 87 яшар кинорежиссер Шуҳрат Аббосов 24 апрель куни оғир аҳволда Тошкентдаги 1-ҳукумат стационари реанимация бўлимига олиб келинган.
Шуҳрат Аббосов ўзбекистонликларнинг бир неча авлоди орасида машҳур "Маҳаллада дув-дув гап" киноси муаллифидир.
Киночининг ўғли Элжон Аббосов Озодлик билан 25 апрель кунги суҳбатда миллий кино дарғасининг ҳозирги ҳолидан давлат мулозимлари хабар олмаëтганини билдирди:
- Отам ўлмоқда¸ аммо мулозимлар xабаримизни ҳам олмаяпти. Отам ўлганидан кейин улар некрологларга имзо чекиб, таъзия билдиришганининг кераги ҳам йўқ. Ҳозир эътибор беришсин¸ отам ўлим тўшагида, сўнгги нафасини олаëтган пайтда келиб ҳол-аҳвол сўрашсин¸ деди таниқли киночининг ўғли.
Озодлик мухбири билан 25 апрель куннинг биринчи ярмида гаплашган суҳбатдошга кўра¸ аҳволи оғирлигига қарамай¸ Шуҳрат Аббосов ўз ҳушида қолмоқда:
- Юраги бежо урмоқда¸ қонида гемоглабин миқдори ўта камайиб кетган. Бугун буйраги ҳам ишламай қолди. Аҳволи жуда оғир. Бу сўзни айтиш қанчалик оғир бўлмасин¸ яна такрорлайман - отам ўлаяпти. Ҳукумат мулозимлари Шомаҳмудовлар ҳайкалини кўчириш билан овора. Ўша Шомаҳмудовлар ҳақида “Сен етим эмассан” деган фильмни суратга олган отам эса касалхонада ўлим билан олишмоқда. Мулозимларга тош ҳайкал муҳим¸ ўлим тўшагида бўлса ҳам ҳали нафас олаëтган одам эмас¸ дейди киночининг ўғли.
Таниқли ўзбек рассоми Вячеслав Охунов¸ ўзбек мулозимларининг миллат ойдинларига бефарқ муносабати тузалмас касал шаклига келганидан афсус билдирди:
- Шуҳрат Солиҳович 87 ëшда. Ўладиган ëш эмас бу. Узоқ умр тилайман¸ тузалиб кетсин. Лекин менда ўзбек мулозимлари шу миллат донғини дунëга танитган одамларга атайлаб бефарқ деган¸ тасаввур пайдо бўлаяпти. Бизда талантли кишиларнинг қадрига етишмайди. Чунки ҳукумат таркибида тасодифий¸ ўткинчи¸ оқ-қорани танимайдиган кимсалар ўтирибди¸ деган рассом таниқли шоир Эркин Воҳидов¸ киночи Мелс Абзалов ва Марказий Осиëдаги биринчи аëл дирижер Дилбар Абдураҳмонова ўлим тўшагида ëтганида мулозимлар хабар олмаганлигини афсус билан эслади.
Қадримга йиғлайман..
Киночи Шуҳрат Аббосовнинг ўғли Элжон Аббосов Озодлик билан суҳбатда “қорнимга эмас¸ қадримга йиғлайман” деган ўзбек мақолини эслади:
- Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев ҳар ҳолда отам суратга олган “Сен етим эмассан” деган кинони кўрган бўлса керак. Ҳар ҳолда шу кунларда эринмаган мулозим кунда олти карра шу кинони эслаб ўтирибди. Лекин Шавкат Мирзиëев бу кинони суратга олган одам ўлиб кетган бўлса керак¸ деб ўйлайди шекилли. Ўзбекистон ҳукумати Шуҳрат Аббосов деган исмни унутганидан афсусдаман. Албатта¸ мулозимлар отамнинг умрига яна 10 йил қўшиб бера олмайди. Аммо шу одам шу миллатни улуғлаб кино олган дея¸ касалхонага келиб кўришса¸ беморнинг қўлини сиқиб ҳамдард бўлса¸ бу мулозимларниг бир жойи камайиб қоладими¸ дейди киночининг ўғли.
Шуҳрат Аббосов 1931 йил 16 январда Қўқонда таваллуд топган.1949 йилда Тошкент Тиббиёт техникумини тамомлаган. 1954 йилда А.Н.Островский номли Тошкент Театр ва рассомчилик санъати институти (ҳозирги Маннон Уйғур номидаги Театр санъати институти), 1958 йилда эса "Мосфильм" студияси қошидаги Олий режиссёрлик курсларида таҳсил олган.
Аввалига Янгийўл драма театрида бош режиссёр, 1959 йилдан бошлаб "Ўзбекфильм" киностудияси режиссёри бўлиб ишлаган.
Шуҳрат Аббосов суратга олган "Маҳаллада дув-дув гап" (1960), "Сен етим эмассан" (1963), "Тошкент-нон шаҳри" (1968), "Оловли йўллар" (1977-1983), "Катта урушдаги кичик одам" (1990) каби фильмлар совет киносининг мумтоз намуналари сифатида Россия кино академияси олтин фондига киритилган.
Режиссёрнинг мустақилликдан сўнг Тоғай Мурод романи асосида суратга олган "Отамдан қолган далалар" филми ҳам томошабинлар томонидан яхши кутиб олинган.
Шуҳрат Аббосов кино санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун СССР Халқ артисти, Ўзбекистон Давлат мукофоти ва бошқа кўплаб юксак мукофот ва унвонлар билан тақдирланган.