Президентнинг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев селектор йиғилишида теримни тугатмаган фермерларнинг “далаларига комбайн киритиб, пахтани териб олиб кетиш керак”лигини айтган. Бу топшириқ қонунларга зид, дея хабар қилди Kun.uz нашри.
Нашр қайдича, Шуҳрат Ғаниев раислигида ўтказилган ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Ғаниев баъзи туман раҳбарларига топшириқ бериб, фермерларнинг далаларига комбайн киритган ҳолда пахтани териб олиб кетиш кераклигини таъкидлаган.
“Кластернинг ўзи териб кетсин: майли, фермердан сотиб олмасин (пахтани), ўзи териб, ўзи олиб кетсин. Фермерга қараб ўтирмасин, машинани солиб, териб олиб кетаверсин.
Сирдарёликлар билан гаплашдим, 50та машина олиб келамиз дейишди. Тошкент вилоятига олиб кирган жойингда пахтани териб кетаверасан дедим. Бўпти дейишди. Фермер менинг пахтамни териб кетдинг, дея олмайди. Кластер берган маблағ, кластер берган ўғит, кластер берган чигит. Фермер нима деган тақдирда ҳам кластер ноқонуний иш қилмаган бўлади. Қолаверса фермернинг қарздорлиги бор, уни узиш керак. Ҳар томонлама ҳисоб-китоб бор”, деган Шуҳрат Ғаниев.
Нашр “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига кўра фермер етиштирган маҳсулотини, шу жумладан бу маҳсулотни истеъмолчиларга реализация қилиш ҳуқуқини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқига эгалиги, мазкур қонуннинг 22-моддасига кўра эса фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмаслигига эътибор қаратган.