Швециядан депортация қилинган фаол Душанбеда қўлга олинди

Фарҳод Негматов

Швециядан депортация қилинган ва ижтимоий тармоқларда Тожикистон расмийларини танқид қилиб келган фаол Фарҳод Негматов Душанбеда қўлга олинган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизматига Негматовлар оиласининг яқин дўсти маълум қилган.

Фаолга қандай айбловлар қўйилгани ҳозирча номаълум. ИИВ ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари бу ҳақда ҳеч қанақа маълумот берган эмас. Унинг исми Тожикистон томонидан қидирувга берилганлар рўйхатида ҳам йўқ.

Фарҳод Негматов уч қизи билан биргаликда ўтган йилнинг 27 декабрида Швециядан депортация қилинган эди. У Тожикистон пойтахтига учиб келиши билан қўлга олинган, унинг уч қизи эса Сўғд вилоятининг Бобожон Ғафуров туманидан Душанбега чақирилган қариндошлари қўлига топширилган. Фаолнинг хотини Европадаги бошқа бир мамлакатда яшаб келади.

2019 йили Негматовлар оиласи Украинага кетган, бироқ бу мамлакатда уруш бошланганидан кейин Швециянинг Гетеборг шаҳрига кўчиб ўтган эди.

“Фарҳод Негматов у ерда бир неча бор сиёсий бошпана сўраган, бироқ ҳар сафар унга рад жавоби берилган”, деган Негматовлар оиласи билан шахсан таниш бўлган суҳбатдош.

Озодликнинг бир неча хабардор манбаси Тожикистон расмийлари Фарҳод Негматовни “Ҳизбут-Таҳрир” экстремистик ташкилотига аъзоликда айблаётганини маълум қилишган. Бироқ фаолнинг яқинлари бу айбловни рад этишмоқда. Улар иддаосича, у ижтимоий тармоқларда расмийларни танқид қилгани ва Ислом халифалиги ҳақида видеони репост қилгани учун товон тўлаяпти.

Тожикистонга аввал ҳам Европа мамлакатларидан бошпана сўровчилардан бир қанчаси депортация қилинган, кейин эса улар ватанида озодликдан маҳрум этилган. Бундан кишилар орасида сиёсий мухолифат вакиллари ва фуқаролик жамияти фаоллари бор.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Европа мамлакатларидан тожикистонлик бошпана сўровчиларни депортация қилмасликни сўраб, ватанида улар қийноққа тутилиши ва узоқ муддатга қамалиши мумкинлигини айтиб келишади.