Швейцария прокуратураси бадавлат мижозларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган Lombard Odier банкини оғирлаштирувчи шартлар билан пул ювишда айблади, деб ёзди Financial Times нашри.
Расмийларга кўра, банк бир неча йил давомида Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг жиноий фаолиятини яширишга кўмаклашиш бўйича “ҳал қилувчи рол”лардан бирини ўйнаган.
Прокуратура тахминича, 2023 йил сентябрида айблов эълон қилинган Каримова йирик миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириб, уларни Швейцариядаги “Офис” дея танилган ташкилот орқали ювган. Гулнора Каримованинг ўзи мазкур айбловларни рад этган.
Lombard Odier банкининг собиқ ходимига ҳам айблов эълон қилинган. Прокуратура бу ишни 2016 йилдан буён юритиб келмоқда.
Гулнора Каримова 2015 йилнинг 18 декабрида Тошкент шаҳар судининг ҳукми билан 10 йилга, 2020 йилнинг 18 мартида эса янги очилган жиноят иши доирасида 13 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. У айни пайтда жазо муддатини Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган аёллар колониясида ўтамоқда.