Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин 2 июль куни Қозоғистон пойтахтига етиб борган.
Оқўрда матбуот хизмати маълумотига кўра, ХХР раисини Остона аэропортида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев кутиб олган.
“Ташриф дастурида олий даражадаги икки томонлама музокаралар ўтказилиши ва қатор муҳим ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган”, дейилган Оқўрда хабарномасида.
Хитойнинг “Синьхуа” давлат агентлиги томонидан 1 июль куни чоп қилинган интервьюсида Тоқаев Остона ўз олдига Хитой билан алоқаларни янада теранлаштириш режасини қўяётганини билдирган.
Якшанба куни Оқўрда 2-4 июль кунлари президент Тоқаев таклифига биноан Хитой раиси Қозоғистонга давлат ташрифини амалга оширишини маълум қилган.
Тоқаев ва Си Цзиньпин 3-4 июль кунлари Остонада бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида иштирок этишади.
Пекин яқин кунлар ичида ХХР раисининг Тожикистонга ҳам сафар қилиши режаланаётгани ҳақида маълум қилган.