Сианда Хитой - Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича навбатдаги ҳужжат имзоланди

Иллюстратив сурат.

Сианда ўтаётган “Марказий Осиё-Хитой саммити доирасида Хитой - Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасига оид уч томонлама ҳужжат қабул қилинди. Расман билдирилишича, ҳужжат Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги ва Хитой Тараққиёт ва ислоҳотлар қўмитаси томонидан имзоланган.

Ҳужжатга асосан, томонлар қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш, инвестициялар ва молиялаштириш моделини ўрганиш ва аниқлашга келишиб олди.

2022 йил 14 сентябрда ҳам Самарқандда ўтган ШҲТ саммити доирасида “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланганди.

Мазкур ҳужжатда Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишларни 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида якунлаш белгиланган эди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг билдиришича, Самарқандда имзоланган ҳужжатда белигланган ишлар амалга оширилган. Яъни Хитой, Ўзбекистон ва Қирғизистон лойиханинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ва уни баҳолаш ишларини амалга оширган.

Мазкур темир йўлни қуриш ташаббуси 2000 йиллар бошларида кўтарилган, аммо ҳанузгача амалга ошмай келаётган эди.

18-19 май куни Сиан шаҳрида “Марказий Осиё-Хитой” саммити ўтказилмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам мазкур саммитда иштирок этиш учун 17 май куни Хитойга давлат ташрифи билан борди. 18 май куни Мирзиёевнинг Хитой расмийлари билан музокаралари ортидан 40 дан зиёд шартнома имзоланди.

Саммитда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари иштирок этмоқда. Бу Хитой ва минтақадаги беш давлат раҳбарларининг 31 йил ичида тўлиқ форматдаги биринчи учрашувидир.

Мавзуга алоқадор Мирзиёев Сианда. Хитой-Марказий Осиё саммитидан нималар кутиляпти?