Тошкент милициясига кўра, пойтахтда беш ўсмир “Кўк кит” ўйини натижасида "ўз жонига қасд қилишдан сақлаб қолинган". Ҳозирда мамлакат бўйлаб ҳуқуқ-тартибот ходимлари, педагоглар ва руҳшунослардан иборат махсус гуруҳ ёшларни ушбу ўйин хавфидан огоҳлантириш ишларини олиб бораяпти.
Тошкент милицияси "беш ўсмирни ўлимдан сақлаб қолди"
Тошкент шаҳар Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида “Кўк кит” ўйинини ўйнаётган 5 нафар мактаб ўқувчиси ўз жонига қасд қилишдан сақлаб қолинган:
“Қирғизистон ва Қозоғистонда шу “Кўк кит” ўйини билан боғлиқ фожиалардан хабар топгач, биз махсус тадбирлар ўтказдик. Интернет фойдаланувчилари текширилганида улар орасида шу ўйинни ўйнаётган тошкентлик болалар ҳам борлиги аниқланди. Болаларнинг ота-оналари билан боғланиб, ўйинни тўхтатишга муваффақ бўлдик”, дейди Тошкент ИИБда ишловчи милиция ходими исмини очиқламаслик шарти билан.
Милиция ходимига кўра, беш ўсмир вақтинча Интернетдан узиб қўйилган:
“Ҳозирда беш болада ҳам Интернет билан алоқа йўқ. Ота-оналари уйда ҳам, кўчада ҳам болалари Интернетга кирмаслигини назоратга олишган”, деди ИИБ ходими.
“Кўк кит”га қарши тарғибот
Тошкент ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, беш бола билан боғлиқ воқеадан сўнг “Кўк кит” ўйинига қарши махсус тадбирлар бошланган.
Мазкур тадбирлар доирасида прокуратура, милиция ходимлари, ўқитувчилар ва руҳшунослардан таркиб топган махсус гуруҳ тузилган.
Пойтахт маҳаллаларидан бирининг раиси Озодлик билан суҳбатда мазкур гуруҳ нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари билан ҳам тушунтириш ишлари олиб бораётганини айтди:
“Маҳалламизда ушбу гуруҳ аъзолари келиб йиғилиш ўтказди. Маҳалла фаоллари махсус семинардан ўтишди. Ота-оналар билан давра суҳбатлари ўтказилди. Мактабларда ўқувчилар билан учрашувлар бўлиб ўтди. Бу профилактика тадбирлари. Болаларни шу “Кўк кит” ўйинини ўйнашдан асраш тушунтирилди”, деди маҳалла раиси.
Унинг айтишича, ота-оналар болаларини Интернетдан чеклашга чақирилган:
“Бўш вақтларида Интернетда беҳуда ўтирмасдан тўгаракларга қатнашсин, китоб ўқисин. Шунда Интернет орқали турли хил ўйинларга аралашишмайди. Ота-оналар болалари рухсатсиз Интернетга киришини назоратга олишлари лозим”, дейди маҳалла раиси Озодлик билан суҳбатда.
Озодликнинг жойлардаги манбаларидан олинган маълумотга кўра, “Кўк кит” ўйинига қарши тадбирлар бутун мамлакат бўйлаб ўтказилмоқда.
"Кўк кит" билан боғлиқ ваҳималар қанчалик аcосли?
Виртуал оламда 2015 йилда пайдо бўлган “Кўк кит” ўйини ҳозирда оммалашиб бораётгани айтилмоқда.
“Кўк кит” онлайн ўйин бўлиб, ўйин гуруҳи қоидаларига кўра, онги манипуляция қилинган иштирокчи 50 та шартни бажаради ва пировардида ўз жонига қасд қилиши лозим.
Ўйинда иштирок этувчилар рус тилидаги бир неча ҳештегдан фойдаланишади.
“Новая газета” тайёрлаган ҳисоботга кўра, Россия оммавий Интернет-технологиялари маркази 20 январь куни ўйин билан боғлиқ ҳештег 4000 марта ишлатилганини аниқлаган.
14 февраль куни Россиянинг Кириши шаҳрида 10 яшар қизалоқ ойнадан қулаб тушганидан кейин шифохонага ётқизилди. Рус матбуоти мазкур ҳодиса “Кўк кит” номи билан маълум бўлган онлайн “ўйин”га алоқадор эканлиги ҳақида ёзди. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича текширув ишлари давом этмоқда.
Ижтимоий тармоқларда “Кўк кит” ўйинидан хавотирлар билдирилаётган бўлса-да, Россия ёки Марказий Осиёда расман бирорта ҳам ўлим “Кўк кит” ўйинига боғлангани йўқ.
Айни пайтда ушбу ўйин билан боғлиқ хавотирлар сабаб Россия депутатлари ўзгаларни ўз жонига қасд қилишга ундаш учун бериладиган жазони кучайтиришга чақирмоқда. Қозоғистон ички ишлар вазири ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг миллий маълумот базасини тузишга чақирди. Қирғизстонда эса полиция мактаб ва Интернет кафеларни текширди.
Озодлик мухбирлари сохта ҳисоб очиб, ўйин уюштирувчилари ва иштирокчилари билан алоқага чиқишга ҳаракат қилди. Аксар ҳолларда ўйин билан боғлиқ ҳештегларни ишлатган ҳисобларнинг тезда блоклангани кузатилди.