Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳамкорликда халқаро наркогуруҳни йўқ қилди

Иллюстратив сурат. Синтетик наркотик.

Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорликда ўтказган амалиёт натижасида синтетик наркотиклар ишлаб чиқарувчи ва сотувчи гуруҳ йўқ қилинди. Бу ҳақда 21 июнь куни Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев маълум қилгани тўғрисида Новости агентлиги хабар берди. Унга кўра, махсус амалиётда Россия почтаси хавфсизлик хизмати ҳам иштирок этган.

“Амалиёт пайтида 8 та яширин нарколаборатория йўқ қилинди. Бу лабораториялардан наркотик тайёрлашда ишлатиладиган 600 литр суюқ кимёвий модда, 30 кило, яъни 150 минг доза наркотик мусодара этилди. Наркотик моддаларнинг умумий қиймати 280 миллион рублга тенг бўлган. Наркогуруҳ ташкилотчилари ва аъзолари қўлга олинди. Тергов олиб борилмоқда”,-деди вазир.

Колокольцевга кўра, Омск вилоятида яшовчи шахс ўз уйида "Альфа-PVP" синтетик наркотик модда учун қўлланадиган суюқлик ишлаб чиқарувчи лабораторияни ташкил қилган. У бу суюқликни маиший кимё ёки автомобил мойи сифатида тақдим қилиб, почта орқали Марказий Осиё давлатларига жўнатган. Бу ерда эса яширинча ташкил этилган қўлбола лабораторияларда суюқликдан наркотик тайёрланган ва сотилган.

Қўшма амалиёт доирасидаги ишлар олти ой олиб борилган. Амалиёт пайтида Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудларида 20 нафардан кўпроқ киши қўлга олинди. Айни пайтда тергов ишлари давом этмоқда.