"Сув бор, аммо ҳаммага етмайди”. Сирдарё бўйидаги тожик фермерлари ҳаёти

Ўрик ҳосилини йиғиб олиш. Тожикистон, Сўғд вилояти, 15 июнь, 2024 йил.

Тожикистон шимолидаги Сўғд вилоятида қишлоқ хўжалиги жуда яхши ривожланган, бу энг аввало Сирдарё шарофати билан. Дарёнинг 144 километр қисми Тожикистон ҳудудига тўғри келади ва бу аҳолининг шоли, пахта етиштиришига, мол боқишига кифоя қилади. Шунингдек, тожиклар Қайроққум ва Фарҳод ГЭСларида электр энергияси ишлаб чиқаришади. Сирдарё бўйларидаги тожик фермерлари бугун қандай яшашмоқда ва кичкина вилоятга иккита ГЭСнинг нима кераги бор?

Марказий Осиёда энг йирик дарё бўлмиш Сирдарё тўрт мамлакат – Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон бўйлаб оқиб ўтиб Орол денгизига қуйилади. Озодлик қозоқ хизмати журналисти ва фотографи Пётр Троценко Сирдарё ва унинг ирмоқлари ёқалаб сафарга чиқиб, оддий инсонлар – балиқчилар, бозорчилар, деҳқонлар ҳаёти орқали дарёнинг бугунги аҳволи билан танишди. Шунингдек, Сирдарё ҳавзаси муаммоларини ўрганаётган ва уларнинг ечимларини излаётган экспертлар билан суҳбатлашди.

Сирдарё. Хўжанд. 17 июнь, 2024 йил.

“Бу йил сувнинг баҳоси 150 фоизга ошди”

Соат энди тўрт ярим, қуёш ҳали бош кўтармаган бўлса-да, кун қизимасдан деҳқонлар ҳузурига етиб олиш учун Сўғд вилояти маъмурий маркази – Хўжанд шаҳридан жўнаб кетдик. Бу ерларда одамлар тушгача ҳамма ишларини битириб олишга ҳаракат қиладилар: Сўғд вилоятида бир ҳафта турган бўлсам, кундузлари ҳарорат +50 даражадан паст бўлгани йўқ.

Жазирамага қарамай, деҳқонлар эрталабдан кечгача далада куймаланадилар. Қуёш тиккага келиб, борлиқни аёвсиз жазиллата бошлаганидагина дам оладилар, холос.

Сирдарё бўйидаги шолизор. Тожикистон, Сўғд вилояти. 15 июнь, 2024 йил.

Сўғд вилоятида Сирдарё қайири бўйлаб яйлов ва далалар чўзилиб кетган. Ҳудудининг 93 фоизини тоғликлардан иборат бўлган Тожикистон аҳолиси ҳосилдор ернинг қийматини жуда яхши билади ва ҳар бир қарич тупроқдан фойдаланишга тиришади. Биз – Ўзбекистон чегараси яқинига, пахтакор деҳқонлар юрти бўлмиш Спитамен туманига йўл олганмиз.

Деҳқонлар пахта майдонида. Тожикистон, Сўғд вилояти. 15 июнь, 2024 йил.

“Фариза” деҳқон хўжалиги раҳбари Фаррух Зобитовнинг омади бор экан. Унинг ери энг қуйида, Сирдарёнинг худди қирғоғида. Шу боис сув унинг учун сира муаммо бўлмайди. Лекин юқорида яшайдиганларга қийин: улар сувни анча харажат қилиб, насослар ёрдамида чиқаришар экан. Фаррухни ҳам буткул беташвиш деб бўлмайди, уни асосан сув пули ва ўғитлар қимматлиги безовта қилади.

“Бу йил сув баҳоси 150 фоизга ошди. Илгари бир соат суғориш учун гектарига 20 сомоний (1,8 доллар) тўлаган бўлсак, бу йил 50 сомоний (4,7 доллар) тўлаяпмиз. Бироқ пахтанинг нархи тушиб кетиб, фойда бермай қўйди. Уч йил муқаддам пахтани килосига 15 сомоний (1,4 доллар) баҳода сотиш мумкин эди, ўтган йили эса 5-6 сомоний (56 цент)дан пулладик. Бу йил килосига 10 сомонийдан тўласалар жон деган бўлардим”, дейди Фаррух Зобитов.

Фермер Фаррух Зобитов. Тожикистон, Сўғд вилояти. 15 июнь, 2024 йил.

Пахтачилик – Тожикистон иқтисодиётининг энг муҳим тармоқларидан бири. Қатор экспертлар пахта нархи тушиб кетишини Россиянинг Украинага ҳужуми ва санкциялар билан боғлайдилар. Асосий пахта харидорларидан бири бўлмиш Россия тайёр маҳсулотни бошқа мамлакатларга экспорт қилиш муаммога айлангани учун хомашё сотиб олишни камайтирган.

“Ўғит, сув, ер – бари қимматлашяпти, жуда қийин бўлди, тоғли ҳудудларда яшовчиларга биздан ҳам қийин, у ерда сув бор, ҳаммагаям етмайди, айниқса қурғоқчилик йилларида”, суҳбатимизга якун ясайди Фаррух ва ишни давом эттиргани даласига тушиб кетади – ёзда деҳқоннинг ҳар дақиқаси ғанимат. Тожикистоннинг қаерида бўлмай деҳқонлар пахтадан фойда қилиб бўлмай қолганини айтишди: ер солиғи ошяпти, сув билан ўғитлар ҳам, лекин пахтанинг нархи жуда арзон, дейишади улар.

Фарход ГЭСи яқинидаги фермер хўжалиги. Тожикистон, Сўғд вилояти. 15 июнь, 2024 йил.

Кўпгина деҳқонлар – Совет даври колхозларининг собиқ ишчилари. Колхоз тизими парчалана бошлаганида давлат ерни деҳқонларга узоқ муддатга ижарага берган.

Фермер Абдулло Ниёзов ўшанда биринчилар қаторида ер олиб, 30 йилдирки қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиб келмоқда. Абдуллонинг иккита участкаси бор: бирида пахта экади, иккинчисини эса ўрикзор боғ қилган. Давлат рухсат берганида унисини ҳам боғ қилардим, чунки ўрикдан яхши даромад қилса бўлади: пахта каби инжиқ эмас, сувни кўп талаб қилмайди, ўрик билан ўрикқоқи нархи эса ҳеч қачон тушмайди, дейди у.

Фермер Абдулло Ниёзов ўрик ҳосилини йиғиб олмоқда.Тожикистон, Сўғд вилояти. 15 июнь, 2024 йил.

Абдуллонинг боғида 25 туп ўрик бор, сувни Сирдарёдан келадиган ариқдан олади. Ўрик теримида бутун оила қатнашади: эрталабдан кечгача ўрикларни териб олишгач, саралаб, зараркунандаларга қарши дорилаб, қоқи қилишади. Фермер ўригининг нави қандай аталишини билмаса-да, бу нав ўта нозиклигидан хабардор – вақтида териб, қуритилмаса, чириб қолади, дейди. Аммо туршаги ниҳоятда ширин экан.

“Ариқлар бор, насос ўрнатдик, сув ҳисоблагич орқали ўтади. Бу участка дарёдан олисроқда, сув учун кўпроқ пул тўлашга тўғри келади, шунинг учун бодринг ёки помидор экиб фойда ололмайсиз, ундан кўра ўрик етиштирган маъқул, – хўжалигининг паст-баландини тушунтиради Абдулло. – Лекин харажатлар барибир кўп: ҳали насос бузилади, эҳтиёт қисмлар эса қиммат, боз устига сув чиқаришга ҳам пул тўлашимиз керак. Ўрик дарахтларини деярли суғормаймиз, лекин пахта дегани кўп сув ичади. Даромаднинг қанча баракаси учганини кузда биламиз энди”.

Ўрик ҳосили. Тожикистон, Сўғд вилояти. 15 июнь, 2024 йил.

Абдуллонинг айтишича, пахта сентябрда териб олинади. Ўтган йили у ҳосилни килосига 8 сомоний (78 цент)дан сотган, бу йил қанчадан олишлари ҳозирча номаълум. “Россия билан Қозоғистон пахта харид қилишни бошлаганида нарх-наво жонланиб қолган бўларди”, умидвор бўлади у.

“Сирдарё ҳавзасида сувдан оқилона фойдаланишмаяпти”

Эколог-журналист ва қишлоқ хўжалиги ҳамда сув ресурслари бўйича эксперт Неъматулло Мирсаидов билан Хўжандда, Сирдарё соҳилидаги сўлим чойхонада учрашамиз. Дарёдан эсаётган шабада танага салқинлик бериб, чошгоҳ жазирамасини пича юмшатади.

Экспертга кўра, Сирдарёда сув тоора камаймоқда. Бу қурғоқчилик, иқлим ўзгариши туфайли музликлар эриши ва қишлоқ хўжалигида, аввало пахта майдонларида сувдан оқилона фойдаланилмаётгани билан боғлиқ.

Журналист Неъматулло Мирсаидов. Тожикистон, Сўғд вилояти. 17 июнь, 2024 йил.

“Сирдарё ҳавзасида сувни ўйламай сарфлашяпти. Айниқса, бизга нисбатан кўп пахта экадиган Туркманистон ва Ўзбекистонда, – дейди Неъматулло Мирсаидов. – Сув инқирози муаммосининг ечимларидан бири бу пахта майдонларини қисқартириш ва боғдорчиликка ўтиш. Бироқ Тожикистонда ер деҳқонларга берилган бўлса-да, давлат ҳануз уларга мажбурлаб чигит эктиради. Мамлакат ичида қанча пахтани қайта ишлашга қурбимиз етса, шунча етиштириш керак, вассалом. Афтидан, кимлардир хомашёни фермерлардан сувтекинга олиб, ташқи бозорларга пуллаяпти”.

Сирдарё. Хўжанд. Тожикистон, Сўғд вилояти. 16 июнь, 2024 йил.

Мирсаидовнинг айтишича, Тожикистон ҳам, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам пахта етиштиришни камайтирмоқда, лекин у барибир асосий экинлигича қолаётир. Айни чоғда томчилатиб суғориш ёки ёмғир қурилмалари каби замонавий технологиялар кенг жорий этилганида бу мамлакатларда сув бунчалик муаммога айланмасди.

“Ҳа, бу технологиялар қиммат, лекин эртами кечми барибир уларни татбиқ этишга мажбур бўламиз. Бу ерда вазиятни давлат даражасида тушуниш жуда муҳим”, дейди эксперт.

“Энг асосийси – маблағ. Қишлоқ хўжалигига инвестиция киритиш керак, аммо давлатда бунга пул йўқ. Фермерчиликни ривожлантириш ва сув ресурсларини тежашга ўтиш учун қандайдир кластерлар ёки чет эл сармояси лозим. Хорижликлар эса Тожикистонга сармоя тикишга қизиқмайди, чунки бизда ер хусусий мулк бўлиши мумкин эмас. Ажнабий инвесторлар бугун улар сармоя киритган ерни эртага давлат тортиб олишидан қўрқишади”, фикрини давом эттиради суҳбатдошимиз.

Пахтакорлар. Тожикистон, Сўғд вилояти. 15 июнь, 2024 йил.

Қишлоқ хўжалигига инвестиция ва субсидиялар йўқлиги манзарасида солиқлар йил сайин ошиб, фермерларга оғир юк бўлмоқда.

“Ростдан ҳам солиқлар кўп, – дейди Неъматулло, – инспекторлар баъзан тадбиркорлардан ҳали сотилмаган товар учун олдиндан солиқ тўлашни талаб қилишади. Бу нафақат қишлоқ хўжалиги, балки умумият-ла бизнес ривожланишига тўғаноқ бўляпти. Аммо сув солиғи кўп, деган фикрга қўшилмайман. Жаҳондаги сув тарифлари билан қиёслаганда бизда анча кам бу солиқ. Шунчаки, ҳеч қачон сувни сотиб олишмагани учун одамларга оғир ботяпти”.

Тожик денгизи ва Фарҳод ГЭС

Сўғд вилоятида, Сирдарёда бирйўла иккита гидроэлектр станцияси – Фарҳод ва Қайроққум ГЭСлари жойлашган.

Фарҳод ГЭС Тожикистон ҳудудида бўлса ҳам Ўзбекистонга қарашли. Станция 1947 йилда қурилган, у пайтлар икки мамлакат ўртасида ҳудудий баҳслар йўқ эди. ГЭСда аввалбошдан ўзбекистонлик мутахассислар ишларди. СССР парчалангач Ўзбекистон билан Тожикистон ушбу станцияни талаша бошлади.

Фуқаролик уруши йилларида Тожикистон Фарҳод ГЭСни ўз назоратига олади. Ўзбекистон эса бунга жавобан Спитамен туманининг Тўғон ва Тоғли номли чегара қишлоқларига электр, табиий газ ва сув бермай қўяди. Аммо ҳарқалай, ўшанда можарони қон тўкмасдан ҳал қилишган эди: тожик ҳарбийлари ГЭС устидан назоратни Ўзбекистонга топширишган.

Фарход ГЭСи. Тожикистон, Сўғд вилояти. 15 июнь, 2024 йил.

Масала яқиндагина узил-кесил ечилди: 2018 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон шартнома имзолаб, келгуси 49 йил давомида ГЭС хавфсизлиги учун – тожик томони, эксплуатациясига эса ўзбеклар жавоб берадиган бўлди.

Бугунги кунда тожик-ўзбек чегарасида кўплаб этник ўзбеклар яшамоқда. Улар тожикчада жуда яхши гапирадилар (маҳаллий тожиклар эса ўзбек тилида бемалол сўзлаша олишади), зироатчилик билан шуғулланадилар ва Тожикистонни ўз ватанлари деб биладилар.

Фарход ГЭСи яқинидаги Сирдарё соҳили. Тожикистон, Сўғд вилояти. 15 июнь, 2024 йил.

57 ёшли Озод – этник ўзбек. Спитамен туманида туғилиб, ўсган. Бир пайтлар мактабда меҳнат таълими фанидан дарс берган экан, муаллим ойлиги оила боқиш тугул, бир ўзига етмагани учун мактабни ташлаб кетибди. Озод кўп йиллардан бери “сувчилик” қилади, яъни Сирдарё сувини туманнинг баланд тоғ қишлоқларига чиқариб берадиган насосларга кўз-қулоқ бўлиб туради.

“Мактабда ҳозир эркаклар қолмаган, бари аёллар, – дейди у педагоглик фаолиятини эслаб. – Нимагаки, ойлиги оз: мен ўртача 700 сомоний (65 доллар) олардим, эркак одам бу пулга оила боқолмайди. Шунинг учун кетдим. Бу ерда бир кун ишлаб, уч кун дам оламан, уйда томорқа экаман, мол боқаман – қўшимча даромад бор, ҳарқалай”.

Этник ўзбек Озод (ўнгда) дўсти Давлат билан. Тожикистон, Сўғд вилояти. 15 июнь, 2024 йил.

Озод станциядаги олти насоснинг барчаси бир текис ишлаб, зарар миқдорда сув чиқариб беришига масъул қилинган. “Сув керак бўлса қўнғироқ қилиб, насосларни қўш дейишади. Дарров қўшаман”, дейди у ва деярли бутун Спитамен туманига сув етказиб берадиган энг кучли насослар ишини назорат қилаётгани фахр билан сўзлар экан.

“Бу йил Сирдарёда сув етарли, лекин бултур жуда кам эди. Бизда ҳамма нарса қорга боғлиқ: тоғда қор кўп бўлса, сув ҳам мўл бўлади. Дарё Қирғизистон музликларидан тўйинади. Сув кўп бўлган йилларда Қирғизистон ортиқчасини қўшниларга беради, сув тақчиллигида эса қизғанади. Уларда ҳам ер бор, халқ бор. Илгари ҳамма нарса ўртада, сув сатҳи бир хил эди. Ҳозир ҳар ким ўзига хўжайин, истаса сув беради, истамаса йўқ”.

“Мааллий аҳоли Фарҳод ГЭСга ишга кира оладими?” – сўрайман Озоддан.

“Йўқ, у ерда фақат Ўзбекистон фуқаролари ишлайди. Улар ГЭСга сув бир маромда бориши учун шлюзларни очиб-ёпиб туришади. ГЭС атрофида аскарлар бор, яқинига йўламаган маъқул. Ҳар тугул чегара яқин, ГЭС эса стратегик объект. У ерда чўмилиш ёки балиқ овлаш ҳам мумкин эмас”, жавоб беради суҳбатдошим.

Қайроққум сув омбори кун ботаркан. Тожикистон, Сўғд вилояти. 15 июнь, 2024 йил.

Қайроққум ГЭС 1957 йилда ишга туширилган бўлиб, қуввати вилоят эҳтиёжларини қондиришга етади, холос. Тожик денгизи деб аталадиган Қайроққум сув омбори эса вилоят учун фавқулодда аҳамиятга эга, чунки қурғоқчилик йилларида нафақат Сўғд вилояти, балки қўшни мамлакатларни ҳам сув билан таъминлайди.

2021 йилда Тожикистон Қайроққум сув омборидан Қозоғистонга қўшимча 315 миллион кубометр сув берган эди. 2021 йилнинг ёзи жуда қуруқ келган, Сирдарёда сув камлиги учун Қозоғистон жанубидаги фермерлар танг аҳволда қолишганди.

Қайроққум сув омборида чўмилаётган болалар. Тожикистон, Сўғд вилояти. 17 июнь, 2024 йил.

Тожик денгизи мамлакат шимолидаги энг диққатга сазовор жойлардан бири. Сув омбори қирғоқларида кўплаб оромгоҳлар, пляжлар ва балиқ овланадиган жойлар бор. “Денгиз” теварагини эса пахта, шоли ва бошқа экин майдонлари қуршаб туради.

54 ёшли Абдулваҳоб сув омборидан атиги бир неча юз қадам наридаги участкада шоли эккан. 30 соток ердан ҳар йили 1,5–2 тонна ҳосил кўтаради. Шолини оқлатгач, асосий қисмини маҳаллий бозорга мўмай пулга сотади. Фермер омади борлигини, Тожик денгизи туфайли барқарор даромад ва оила боқиш имкониятига эга бўлганини айтади.

Фермер Абдулваҳоб ўзининг шолизорида. Тожикистон, Сўғд вилояти. 15 июнь, 2024 йил.

“Мен шолининг кенжа навидан экаман, бу майдароқ гуруч, лекин ошга жуда боп. Қўшним Краснодарнинг узундон шолисидан эккан, унинг ҳам авжи яхши. Умуман, бу атрофда ҳар қандай экин яхши ўсади: вақтида сувлаб, ўғитлаб турсангиз бас. Тўғри, шолига кўп сув керак, лекин сув барибир денгизга қайтади-ку. Сув билан шоли бир-биридан айрилмайди, катта сувсиз шоли етиштириш имконсиз”, дейди фермер.

У камида пенсияга қадар шоликорлик билан шуғулланиб, бу ишни ўғиллари ёки набираларидан бирига қолдиришни орзу қилади.

“Худойим соғлиқдан қисмаса, сувни бериб турса, деҳқончилик қилаверамиз”, сўзини якунлайди Абдулваҳоб ва юзига ёпишган хира пашшани ҳайдаганча шолипоясига тушиб кетади.