Сирдарёда 13 яшар бола қариндошини чавақлади

Иллюстратив сурат

Сирдарё вилояти Боёвут тумани Қарапчи маҳалласида яшовчи 13 яшар бола ақли заиф қариндошини пичоқлади.

“Daryo.uz” хабарига кўра, воқеа 2024 йил 18 октябрь куни соат 16:30 да ҳудуддаги дала майдонида содир бўлган.

Бош прокуратура матбуот хизмати қотиллик фактини тасдиқлаган.

“Вояга етмаган Ш.А. (ўғил бола) жорий йил 18 октябрь куни “Дўстлик” ва “К-3” канали оралиғидаги ташландиқ жойдан ўтиб кетаётган вақтида узоқ қариндоши Ф.Ж. уни чақириб, қўлидаги пичоқ билан уни ўлдиришини сўраган. Бола буни рад қилганидан сўнг Ф.Ж. вояга етмаган Ш.А.ни қўрқитгани боис вояга етмаган бола уни пичоқ билан қасддан ўлдирган”, дейилган Бош прокуратура ахборотида.

23 ёшли эркакнинг мурдаси Гулистон шаҳри Навбаҳор маҳалласи ҳудудидаги канал ёнидан топилган.

Марҳум Ф.Ж. руҳий касалликлар диспансерида “параноид шизофрения эпизодик кечиши” ташхиси билан рўйхатда турган.

Ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи ИИБга қарашли вояга етмаганларни вақтинчалик сақлаш масканида тутиб турилгани айтилмоқда.