Сирдарёда 5 кунлик қизалоғини 5 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл 5 йилга қамалди

Иллюстратив сурат

Сирдарё вилоятида туғилганига беш кун бўлган қизини пулламоқчи бўлган аёл устидан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, асли қашқадарёлик Б. никоҳсиз жинсий алоқадан ҳомила орттириб, шу йил 8 октябрида қиз туққан. Аёл туғруқдан кейиноқ фарзандини сотиш учун харидор излай бошлаган.

У Сирдарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан 13 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбир чоғида ушланган. Аёлни тезкор тадбирга “харидор” сифатида жалб этилган ички ишлар бўлими ходимидан махсус кимёвий ишлов берилган 5 минг АҚШ доллари миқдорида пул олган пайтда қўлга олганлар.

Суд чақалоқфуруш аёлга нисбатан беш йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлагани, одам савдоси қурбони бўлган қизалоқ эса васийлик органларига топширилган.