Жорий йилнинг 7 февраль куни Сирдарёда чўкиб кетган 9 яшар хўжандлик Сафияхон Раҳматованинг жасади орадан бир ой ўтгач - Ўзбекистон ҳудудидан топилган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизматига Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси вакиллари маълум қилишган.
Жасади 12 март куни Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти Ширин шаҳри яқинидан топилган Сафияхонни бир ойдан буён қутқарувчилар, ғаввослар ва Сўғд вилояти аҳолиси қидираётган эди.
“Отаси жасадни олиб келиш учун Ўзбекистонга кетган. Уни кийимидан танишган. Жасад ҳовуздан топилган”, деган қизнинг бувиси.
Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси вакиллари 10 кун аввал ўзбекистонлик ҳамкасбларидан қизни Ўзбекистон ҳудудида ҳам қидириб кўришни сўраганлари ҳақида айтишган.
Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, ўтган 2023 йили Сирдарёда 55 киши чўкиб кетган бўлиб, улардан 19 нафари болалар бўлган. Чўкканлардан тўрт нафарининг жасади ҳалигача топилган эмас.