Сирдарёда одамларни босиб кетишга уринган ҳайдовчи қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Сирдарёда Captiva автомобили билан одамларни қасддан уриб юбориш мақсадида қувиб юрган ҳайдовчи ҳибсга олинган. Бу ҳақда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Captiva русумли автомашина ҳайдовчиси футбол майдонида одамларни босиб кетиш мақсадида уларнинг орқасидан қувиб юргани акс этган видео тарқалган эди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат Сирдарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганилган ҳамда видеодаги “автомашина ҳайдовчисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тартибда қамоққа олинган”.

Сирдарё ИИБ хабарномасида автомашина жарима майдончасига жойлаштирилгани, видеодаги ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.