2023-2024 йилларда Ўзбекистоннинг Bek Broker логистика ширкати 200 дан ортиқ санъат асари, жумладан Салвадор Дали ва Анри Матисс картиналари ҳамда Рембрандт Бугатти ва Фернандо Ботеро ясаган ҳайкалларни Россияга олиб киришга кўмаклашган. Ушбу санъат намуналарининг умумий қиймати, Озодлик рус хизматининг журналистик суриштирувлар бўлими - “Система” баҳосига кўра, 36 миллион доллардан ошади. Bek Broker мижозлари орасида россиялик қурол заводлари эгаси Мкртич Окроян ҳамда оккупация қилинган Мариуполни қайта қураётган Алексей Репикнинг оилалари борлиги айтилмоқда. Қуйида – Ғарб санкцияларига йўлиққан шахслар Россияга қимматбаҳо санъат асарлари ва осори атиқаларни олиб кириш чекловларини қандай айланиб ўтгани ҳақида ҳикоя қиламиз.
Мариупол қурувчисининг филлари
2023 йилнинг илк кунлари Нидерландиянинг Флиссинген бандаргоҳида Kortmann Art Packers and Shippers B.V. ширкати юкчилари Triple Seven яхтасидан бир қанча суратлар, ҳайкаллар ва гравюраларни тушириб олишди ва ўраб, қутиларга жойлаб, Амстердам аэропортига жўнатишди. 67 метрли Triple Seven яхтаси Кайман ороллари байроғи остида сузар, лекин Британия Виргин оролларидаги Nawton Ltd офшор ширкатига тегишли эди. Санъат асарларини ташиб бериш ҳақини айнан шу ширкат тўлаган.
Nawton Ltd бир неча йил олдин Panama Papers номи билан шуҳрат қозонган суриштирув ортидан тилга тушиб қолган эди. Ўшанда аввалроқ Владимир Путиннинг қизи Катерина Тихонова фойдаланган борт рақами M-FINE бўлган учоқ худди шу ширкатники экани аниқланган. Мазкур офшор ширкат соҳиби ҳам панада қолиб кетмади – у россиялик тадбиркор, “Р-Фарм” дори-дармон империяси ҳамда оккупация қилинган Мариуполда ишлаётган энг йирик қурилиш ширкатларидан бири бўлмиш “Р-Строй” эгаси Алексей Репик бўлиб чиқди.
“Россияга алоқадор бадавлат кишилар давраларида Репик бирон-бир диққатга сазовор жиҳати билан танилмаган. У коллекционер эмас, кўпроқ филларни яхши кўради. Интерьер безаклари бобида на дид ва на фаросат бор унда”, дейди санъатшунос Константин Акинша.
“Система” журналистлари Россияга келтирилган санъат асарларидан бирини Репикнинг хотини Полинанинг инстаграмида кўриб қолишди. 2021 йилнинг мартида Triple Seven яхтасида олинган фотосуратда француз рассоми Ника де Сен-Фалл ишлаган фил шаклидаги ваза тасвирланган эди. Буюмнинг бозор нархи 35 минг долларга тенг.
Яхтадан жами қиймати 4,6 млн доллар бўлган 44 та тасвирий санъат ашёси олиб кетилган. Улар орасида Дали, Кончаловский, Ренуар, Матисс каби машҳур мусаввирлар чизган суратлар, Рембрандт Бугатти ва Фернандо Ботеро ишлаган ҳайкаллар, япон гравюралари ва фил шаклидаги кўплаб буюмлар – вазалар, сиёҳдон ва шамдонлар бор.
Картиналар, ҳайкаллар ва “филлар” қутиларга жойланиб, Амстердам аэропортига келтирилади ва у ердан Тошкентга жўнатилади, уч кундан сўнг эса Москвага, янги соҳиби Алексей Репикка етиб келади. Коллекцияни Ўзбекистон пойтахтидан Россияга маҳаллий Bek Broker логистика ширкати ташиган. Буюмларни яхтадан олиб, учоққача етказиб берган нидерланд ташувчисининг вакили “Система” билан суҳбатда юкнинг сўнгги манзили Москва бўлганидан бехабар қолишганини, Алексей Репик исми эса умуман тилга олинмаганини айтган.
Бу воқеадан бир ой ўтиб россиялик тадбиркор Буюк Британиянинг санкция солинган шахслар рўйхатига тушди, кейинроқ Австралия ва Канада ҳам уни ўз “қора рўйхат”ларига тиркади. Triple Seven яхтаси эса 2024 йилнинг январида Туркия ҳудудий сувларига кўчиб ўтди ва ўшандан бери Полина Репик Туркия соҳиллари бўйлаб сузиб юрган яхтада олган суратларини инстаграмда кўз-кўз қилиб турибди.
Россиялик қуролсознинг суратлар коллекцияси
Ўз санъат асарлари коллекциясини “қутқариш” учун Bek Broker хизматидан фойдаланганлардан яна бири россиялик қуролсоз саноатчи Мкртич Окроян бўлиб, “Система” буни божхона маълумотлари орқали аниқлади. Окроянга тегишли ширкат Россия армияси томонидан қўлланаётган қанотли ракеталар учун двигателлар ҳамда вертолётлар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаради. 2023 йил февралда Алексей Навалний сафдошлари Британиянинг Суррей графлигидаги Виржиния Вотер кўли бўйида Окроян оиласининг 10 млн фунт стерлинг турадиган уч қаватли кошонаси борлигини аниқлаган эдилар.
Навалнийчилар суриштирувидан сўнг Окроян хонадони типирчилаб қолади. Ғарбда оиланинг кўплаб картиналари сақланарди, уларни яқинлашиб қолган санкциялардан ва кейин, худо кўрсатмасин, мусодара бўлишдан сақлаб қолиш керак эди. Пётр Кончаловский, Зинаида Серебрякова, Григорий Глюкман, Сергей Судейкин ва Филипп Малявинга оид умумий қиймати 286 минг долларга тенг санъат намуналари Bek Broker орқали Ўзбекистонга жўнатилади. 2023 йил 21 февралда эса Окрояннинг хотини Алла Бабан картиналарнинг дастлаб – Тошкентга, сўнгра Окроян номига – Москвага жўнатилишини ташкиллаштиради.
Кейин маълум бўлдики, вақтида қилишган экан, чунки 2023 йилнинг сентябрида АҚШ Окроян билан оиласини ўз санкция рўйхатларига тиқди, декабрда Евроиттифоқ ва Буюк Британия ҳам шундай йўл тутди. Американинг санкция рўйхатларида Окрояннинг айрим қариндошлари Британия фуқаролари экани алоҳида қайд этилганди.
Ўзбекистон логистика ширкати қандай қилиб Россия арт-бозорида энг муҳим диспетчер бўлиб олди?
Bek Broker логистика ширкати бозорда 25 йилдан буён фаолият олиб боради. Россия Украинага қарши тўлақонли босқин бошлагунига қадар у Россиядаги мижозлари, жумладан, “Лукойл” каби йирик ширкатларнинг минглаб юкларини манзилига етказиб берган. Bek Broker’га ўзбекистонлик тўрт тадбиркор – Бахтиёр Еримбетов, Шерзод Мирхолиқов, Роза Давлетмуратова ҳамда Ҳусниддин Азимовлар эгалик қилишади. 2011 йилдан 2016 йилгача Москвадаги чекка мавзелардан бирида жойлашган тўққиз қаватли бетон иморатдаги квартирада “Бек брокер” номли Россияга оид юридик шахс рўйхатда турарди. Ширкатнинг бирон каттароқ молиявий ютуқлари ҳақида ҳеч нима маълум эмас.
2018 йилдан 2022 йилгача Bek Broker Россиядан Ўзбекистонга камида 8200 та юк ташиган. Тескари йўналишда эса қарийб 1,5 млн долларлик атиги 106 ташув бўлган, холос. Бироқ 2022 йил 24 февралдан ва санкциялар жорий этилганидан кейин Bek Broker’нинг Россия билан ҳамкорлик йўналишлари кескин ўзгарган. Россиядан Ўзбекистонга бор-йўғи 61 та ташув амалга оширилган бўлса, тескари йўналишда юк ташиш сезиларли даражада ошган. Яъни, шу икки ярим йил мобайнида Россияга жами 41,6 млн доллар суммага 1962 та юк етказиб берилган.
Айниқса, ташилган товарлар тоифаларидаги ўзгаришлар яққол кўзга ташланади. 2022 йилдан бошлаб санъат ашёлари ширкат томонидан Россияга етказиб бериладиган асосий товарга айланади. Ташилган суратлар, ҳайкалчалар ва бошқа санъат асарларининг умумий қиймати 36,6 млн долларни ташкил қилади. Қиёслаш учун, айни шу даврда Bek Broker ташиган бошқа барча товарларнинг қиймати атиги 5 млн долларга тенг, шундан 2024 йилда ташилгани эса атига 28 минг доллар бўлган.
Суратларни Ўзбекистон орқали ташиш схемаси нега керак бўлди?
2022 йил 24 февралдан сўнг Евроиттифоқ, АҚШ, Швейцария ва бошқа мамлакатлар баҳоси 300 евродан қиммат бўлган зийнат ашёлари, жумладан санъат асарлари ва антиквар буюмларнинг Россияга олиб кирилишини чекловчи санкциялар жорий этди. Ушбу чоралар жаҳон санъат бозорини тубдан ўзгартириб юборди. Christie’s ва Sotheby’s сингари кимошди савдо уйлари россияликларга тегишли санъат ашёлари олди-сотдисини тўхтатди, россиялик коллекционерларга халқаро аукционлар эшиги ёпиб қўйилди. Натижада 2023 йилда Россия ичида рус санъат асарлари айланмаси 125 фоизга ошиб, пул ҳисобида 25 млн доллардан кўпроқни ташкил қилди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Зеб-зийнат буюмларини олиб кириш чекланиши билан бир пайтда Кремлга алоқадор рус олигархларининг активларини мусодара қилиш бошланиб кетди. Кўплаб мамлакатлар ҳукуматлари яхталар, учоқлар, кўчмас мулклар ва санъат асарларини хатлади. Чунончи, 2022 йил ноябрда Германия полицияси Алишер Усмоновнинг яхтасидан 30 та картинани олиб чиқиб кетди, аввалроқ эса унга тегишли тўртта Фаберже тухумини мусодара қилишган эди. 2023 йилда собиқ сенатор Фарҳод Аҳмедовнинг яхтаси олиб қўйилди, 2022 йил майда Лондонда росссиялик олигарх Виктор Векселбергга қарашли тўртта Фаберже тухуми хатланди.
Санкциялар киритилганидан сўнг Россияга санъат буюмларини жўнатишда иштирок этган ҳар қандай Буюк Британия ёки ЕИ фуқароси ёки юридик шахси жиноий жавобгарликка тортилмоғи керак, дея урғулайди “Система” билан суҳбатда британиялик адвокат ҳамда “State Capture: Research and Action” нотижорат ташкилоти ҳаммуассиси Алекс Презанти. Сўнгги манзил Россия эканини била туриб, санъат буюмини Ўзбекистон каби учинчи мамлакатга жўнатишда қатнашган шахс ҳам жавобгар бўлади. Қолаверса, Буюк Британия ва ЕИда санкция остидаги шахсларга хизмат кўрсатиш ёки музлатилган активларни Буюк Британия ёки ЕИдан ташқарига олиб чиқиб кетиш ҳам ноқонуний иш ҳисобланади. Бинобарин, дейлик, тасвирий санъат намуналари жаноб Окроянга нисбатан санкциялар жорий этилганидан сўнг Буюк Британиядан олиб кетилган бўлса, унга тегишли санъат буюмининг ташилишидаги ҳар қандай иштирок жиноят деб топилмоғи лозим. Аммо алоқадор шахсларнинг жиноий жавобгарлиги кўп жиҳатдан улар якуний харидор – юкнинг асл эгаси исмини ёки юк жўнатилаётган сўнгги манзилни билиши ёки билмаслигига боғлиқ.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Полина Репик “Система”га унинг оиласи Triple Seven яхтасини 2021 йилда сотиб юборганини айтган. Лекин очиқ маълумотларда Репикнинг офшор ширкати ҳануз яхта соҳиби деб кўрсатилган.
Полина Репик санъат асарлари Россияга қайтарилгач музейга топширилганини айтган, аммо айнан қайси музейга берилганини очиқлашни истамаган.
Швейцария ва ЕИнинг санкцияларни белгиловчи идоралари вакиллари эса “алоҳида кейслар” бўйича изоҳ беришдан бош тортганлар.