Сиёсий бўҳронга йўлиққан Тунисда исломий партия президентга қарши чиқмоқда

Сешанба куни Тунис Исломий партияси раҳбари ва парламент спикери ўз партияси президент Каис Саидга қарши чиқиш учун “миллий фронт” тузаётганини айтган. Бу ҳақда “The Associated Press” агентлиги хабар бермоқда.

Аввалроқ президент Саид парламент фаолиятини вақтинча тўхтатиш, ҳукуматнинг юқори лавозимли мулозимларини ишдан бўшатиш ва Тунисдаги заиф демократияни ўз назорати остига олиш тўғрисида қарор чиқарган эди.

“Ан‑Наҳда” партияси раҳбари Рашид Ғаннуший “The Associated Press” агентлигига видео алоқа орқали берган интервьюсида мақсад “демократик тизимга қайтишни талаб қилиш учун” президентга босим ўтказиш эканини айтди.

Ғаннушийнинг сўзларига кўра, президент якшанба куни кечқурун кўрган кескин чоралар олдидан ўтказилган умуммиллий намойишлар пайтида унинг партиясининг бир нечта шаҳардаги офисларига ҳужум қилинган. Ғаннуший ҳужумларни амалга оширган гуруҳлар ўз ҳаракатларини онлайн мувофиқлаштиргани, айни гуруҳлар президент кўрган чораларни олқишлаш учун пойтахт Тунис кўчаларида тўпланганини айтди.

Гуруҳлар “анархист гуруҳларга яқинроқ” ва президентга алоқадор, дея даъво қилди у.

Ғаннуший бу гуруҳлар мамлакатдаги энг йирик партия бўлмиш “Ан‑Наҳда” фаолиятидан норози оддий фуқаролар экани тўғрисидаги даъволарни рад этди.

Президент Саид парламент фаолиятини тўхтатишга ҳамда бош вазир, мудофаа ва адлия вазирларини тўсатдан ишдан ҳайдашга қарор қилганидан кейин Тунис ичида ва хорижда кўпчилик ташвиш изҳор қилди.

Душанба куни Ғаннуший ва бошқалар парламент биносига киритилмаган.

Ўнга яқин фуқаролик ташкилоти, шу жумладан, қудратли “Тунис Умумий ишчилар иттифоқи” сешанба куни президентдан мамлакатдаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича йўл харитасини тузишни талаб қилиб қўшма баёнот берди.

Бу ташкилотлар, шунингдек, президентни “давлат муассасалари фаолиятини тўхтатиш қарорини ноқонуний ва асоссиз равишда яна узайтириш” оқибатлари ҳақида огоҳлантирди. Ташкилотлар Тунис конституциясида белгиланган бир ойлик муддатга риоя қилиш кераклигини эслатди.

Президент Саид Тунис конституциясининг “миллат институтлари ва мамлакат мустақиллигига таҳдид юзага келган ва давлат ҳокимиятининг мунтазам ишлашига тўсиқ пайдо бўлган” ҳолатларда ижро этувчи ҳокимиятни ўз зиммасига олиш имконини берувчи бандига таянган ҳолда ушбу кескин чораларни кўрган.

Саид ўтмишда конституциявий ҳуқуқ профессори бўлиб ишлаган.

Президент конституцияга зид иш тутмаётганини урғулаб келади.

Ғаннуший бу ҳаракатлар давлат тўнтариши уринишига тенг келади, деган иддаоларини такрорлади.

“Биз президентни ушбу эълонларни бекор қилиб, мамлакатда конституциявий демократик тартибни қайта тиклашга чақирдик”, деди сиёсатчи.

“Ан‑Наҳда” раҳбари ўз партияси ва бошқа парламент блоклари президентга босим ўтказишни кўзлаб бирлашаётганини айтди.

“Биз президентга босимни кучайтириш йўлида чора кўряпмиз. Табиийки, тинч йўл билан. Бундан мақсад демократик тузумга қайтиш ва Тунис халқининг иродасини ҳурмат қилишни талаб қилишдир”, деди у.

Сиёсатчи босим ўтказиш мақсадида норозилик намойишлари ва турли акциялар режалаштирилаётганини қўшимча қилди.

“Биз алоҳида партиялар ўлароқ эмас, балки охир-оқибат президентни халқ иродасига бўйсунишга ва демократик тизимга қайтишга ишонтириш учун иложи борича кенг кўламли миллий фронт сифатида ишлашга интиламиз”, деди Ғаннуший.

Унинг сўзларига кўра, президент қарорига қарамай, парламент онлайн ишлашда давом этди. Аввалроқ коронавирус пандемияси туфайли онлайн ишлаш расман тасдиқланган эди.

Саиднинг ҳокимиятни ўз қўлига олиш қарори Тунис қатор бўҳронларга дучор бўлган бир пайтга тўғри келди. Хусусан, мамлакат коронавирус пандемияси ҳамда ўсиб бораётган ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга йўлиққан.

Тунисда 2011 йилда норозилик намойишлари ортидан автократик раҳбар ҳокимиятдан ағдарилган, натижада араб мамлакатларида “Араб баҳори” деб номланувчи норозилик тўлқинлари бошланиб кетган эди.

Тунис бу намойишлар ортидан ижобий томонга ўзгарган ягона мамлакат ўлароқ кўрилади.

Аммо демократия Тунисга фаровонлик келтирмади. Мамлакат иқтисодиёти пандемиядан олдин ҳам заиф эди.

Айни дамда мамлакатда ишсизлик 18 фоизга етган. Жорий йил бошида ёшлар иш ўринлари яратилиши ҳамда полиция зўравонлиги тугатилишини талаб қилиб, норозилик намойишларига чиққан эди.

Ғаннуший “бошқа муаммоларни яратиш ёки мафкуравий тўқнашувларни келтириб чиқариш ўрнига” мана шу муаммолар ҳал қилиниши кераклигини таъкидлади.

Сиёсатчи Тунис аҳолиси мамлакат “зўравонликка ботиб қолиши” олдини олиш учун ҳаракат қилиши кераклигини айтди.

Ғаннуший “Ан‑Наҳда” партияси бошқа ҳамма қатори “ўз фаолиятини қайта кўриб чиқиши кераклигини” тан олди.

Айримлар партияни коронавирус пандемиясини назорат қилиш ўрнига бор эътиборини ички муаммоларга қаратишда айблаб келади.

Сиёсатчи партия катта сиёсий обрўга эга эканини, шу сабабли Туниснинг иқтисодий ва бошқа муаммолари учун партияни айблашаётганини таъкидлади.

“Улар Ан‑Наҳдага қарши нафрат қўзғатишга қаратилган баъзи мақсадларига эришдилар”, дейди у.

“Бироқ, сайловлар орқали партиялар нақадар оммавийлиги аниқланади”, дея қўшимча қилди Ғаннуший.

Партия раҳбари тунисликлар “у ёки бу партияни эмас, Тунисни қутқариш учун бирлашишлари керак”, деди.

Ғаннуший 79 ёшга кирган бўлиб, “Ан‑Наҳда” партияси асосчиларидан биридир.

Сиёсатчи жорий йилда ўтказиладиган партия съездида партиядан президентликка номзодини бошқа кўрсатмаслигини айтди.