ТОШКЕНТ – “Бинойидек ишлаб турган савдо мажмуасини бузиб, 200 га яқин тадбиркорни сарсон қилишмоқчи”

ТОШКЕНТ. “Тошкент шаҳри Беруний кўчаси 41-манзилда жойлашган савдо шохобчаларида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлар номидан мактуб йўлламоқдамиз.

Президентимиз тадбиркорликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш, уларга енгилликлар яратиш борасида бир қатор қарор ва фармонлар имзолади. Ушбу ҳужжатларда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани алоҳида таъкидланган. Биз ҳам ана шу қонуний кафолатдан илҳомланиб ва унга ишониб фаолият юритиб келаётган эдик. Аммо жорий йил 27 июнь куни кутилмаганда Тошкент шаҳар ҳокимлиги муниципиал активларни бошқариш маркази Беруний кўчаси 41-уй манзилидаги савдо дўконлари, бино-иншоотларни лойиҳа асосида бузилиши режалаштирилгани муносабати билан фойдаланилаётган майдонларни бўшатиш ва 10 июлга қадар “Алпомиш савдо қаторлари” МЧЖга топшириш ҳақида хат билан мурожаат қилди. Мазкур хатда савдо комплекси айнан қайси лойиҳа бўйича бузилиши, бу борадаги ишлар ҳукумат қарорлари билан тасдиқланган ёки тасдиқланмагани қайд этилмаган. Бундан ташқари, дўконлар эгаларининг истиқболдаги ҳуқуқлари кўрсатилмаган. Шунингдек, ижара асосида савдо дўконларидан фойдаланаётган тадбиркорларнинг 2019 йил охирига қадар ижара шартномаси имзолагани эътиборга олинмаган. Қисқа қилиб айтганда, ҳокимликнинг ушбу талаби тадбиркорлар ҳуқуқларининг очиқ-ошкора бузилиши саналади.

Савдо марказида бугунга қадар 200 га яқин тадбиркор фаолият юритиб келмоқда. Булардан 100 нафари дўконларни ижара шартномаси асосида тасарруф этади. Яна 100 нафари эса аввалроқ шаҳарнинг бошқа марказий даҳаларида дўкони бузилган савдогарлар саналади. Уларга дўконлар аввалги мулки бузилгани эвазига товон сифатида берилган.

2017 йилда ҳам замонавий савдо комплексига эга бўласиз деган қуруқ ваъдалар билан ўнлаб тадбиркорлар вақтинчалик масканга кўчирилган, пировардида ваъдалар амалга ошмаган эди. Ҳозирги ҳолат ҳам худди икки йил аввалги вазиятни ёдга солмоқда.

Бу вазиятда нафақат ўнлаб тадбиркорлар, бу ерда харид қилишга одатланган минглаб харидорлар ҳамда мажмуада катта-кичик вазифаларда ишлаётган ходимларнинг ҳам ҳуқуқи поймол бўлмоқда. Бинойидек ишлаб турган марказ бузилса, ўнлаб савдогарлар сарсон бўлади, қанча иш ўринлари йўқотилади, давлатга тушаётган солиқ тушуми йўққа чиқади.

Мутасаддилар барча шароитларга эга савдо марказида фаолиятни давом эттиришимизга имкон яратиб берадилар, деган умиддамиз”.

(Бу хабар Озодликка 24 июль куни келди)

​Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​