ҚАШҚАДАРЁ – “Пахса деворли мактабларга қатнаётган болаларимизга замонавий шароитда ўқиш насиб этармикан?” 

ЧИРОҚЧИ. “Қашқадарё вилоят, Чироқчи туманидан ёзмоқдаман. “Сиздан Телеграм”да туманимиз мактабларидаги муаммолар ҳақида бир неча мактуб чоп этилди. Мактуб муаллифлари жуда жиддий масалани кўтарган. Мен ҳам ҳудудимиз мактаблари бўйича айрим кузатувларим билан бўлишмоқчиман.

Туманимизда 173 та мактаб ва 52 та филиал мавжуд бўлиб, уларда 86 минг нафардан ортиқ ўқувчи таълим олади. 20 дан ортиқ филиал хароб аҳволда. Пахсадан қурилган, на иссиқлик тизими, на электр таъминоти йўлга қўйилган. Ушбу мактабларда тахта пол ҳам йўқ, болаларимиз тупроқда ўқийди.

Асосий мактаблардан 25 дан ортиғи мукаммал таъмирга муҳтож. Кўплаб мактабларда спорт зали, ошхона ва буфет йўқ. Ичимлик сув ва электр таъминотида муаммолар мавжуд. Хусусан, 30 дан ортиқ мактабдаги трансформаторлар яроқсиз ҳолга келган.

60 дан ортиқ мактаб атрофи ўралмаган, болалар хавфсизлиги таъминланмаган. Қиш келмоқда, аммо кўплаб мактабларда иссиқлик тизими ишламайди.

Қурилиш-таъмирлаш учун ҳар йили каттагина маблағ ажратилади, лекин, афсуски, пул тўғри тақсимланмайди. Гоҳида малакасиз пудратчи фирмаларга буюртма берилиши оқибатида таъмир ишлари сифатсиз бажарилади.

Яна бир жиддий муаммо. Мактабларда ўқитувчи кадрлар етишмайди. Бу ҳол айниқса математика, информатика, рус ва инглиз тиллари, кимё, физика фанларида яққол сезилади. Қўшни туманлардан таклиф этилган ўқитувчилар эса ҳар куни 50-80 км масофа босиб келиши лозим.

Шу каби сабабларга кўра мактабларда таълим сифати ҳаминқадар. Кадрлар қўнимсизлиги ҳам авж олган. Моддий манфаатдорлик, рағбат, оддий шароит ҳам бўлмагач, ўқитувчилар нима қилсин?!

Мактабларда ўқувчилар давомати паст, ўзлаштириш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Суратларда 69, 70, 137-мактаб филиаллари ва 153-мактабдаги ачинарли вазиятни кўришингиз мумкин.

Ушбу мактубни ёзишдан мақсадим туманимизни ёмонотлиқ қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас. Асло! Мақсадим – туман таълим тизимида ҳам ўзгаришлар рўй берсин. Зора, мутасаддилар туманимиз мактабларига эътибор қаратса, бизнинг фарзандларимиз ҳам замонавий шароитларда билим олса... Зора, мамлакатимиз таълим тизимидаги ўзгаришлар шамоли бизга ҳам етиб келса...”

(Бу хабар Озодликка 25 октябрь куни келган.)

69-мактаб

69-мактаб

69-мактаб

69-мактаб

70-мактаб

70-мактаб

70-мактаб

70-мактаб

137-мактаб

137-мактаб

153-мактаб

153-мактаб

153-мактаб

153-мактаб

Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​