ҚАШҚАДАРЁ – “Cавдогарлар: бозор ёпилмасин, дўконлар босқичма-босқич қурилсин”

ЯККАБОҒ. “Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани деҳқон бозоридан ёзмоқдамиз. Ҳокимият бозорни бузиб қайта қурмоқчи. Бозорқўм, департамент ва ИИБ ходимлари савдогарларни кўчага ҳайдамоқчи бўлди. Бир амаллаб 1 августгача рухсат олдик. “Ҳамманг автовокзалга кўчасан” деган талаб қўйилди. Вокзалда савдо учун шароит йўқ, у ерда қандай қилиб тирикчилик қиламиз?

Ҳокимдан бозор бутунлай ёпмасдан, дўконларни босқичма-босқич қуришларини илтимос қилди, аммо “йўқ, мен бозорни ёпиб қураман” деган жавоб олдик.

Яна нима эмиш денг, дўконларни эски қарор билан бузиб қураверар эканмиз. Бу қандай ахмоқона гап бўлди? Бузганимиздан кейин дўконларимиз ўрни давлат заҳирасига ўтказилиб, соққа олинган пулдорларга бериб юборилади-ку!

Бозорнинг орқа тарафида уйлар бор, уйларни кўчириш учун ҳам биз тадбиркорлар пул йиғиб беришимиз керак экан...

Бошқа туманларда янги бозор қуриляпти, лекин савдогарлар талаби инобатга олинмоқда. Яккабоғда эса одамларни сарсон қилиб, иссиқда кўчага ҳайдашмоқда.

Ҳаммасидан қизиғи шуки, бозоримиз “деҳқон бозори” мақомида. Лекин ичи пластик материал билан ёпилган дўконларга тўлиб кетган. Дўконларда эса деҳқон йўқ! Деҳқонлар кўчаю йўлларга чиқиб кетган...

Тайёр дўконларимиз бўлатуриб бузишмоқчи. Ҳолбуки, дўконларимиз ҳали 50 йилгача хизмат қилиб бериши мумкин. Дўконларни бузиш ўрнига деҳқонларга бозор ичидан чиройли расталар қуриб берилса бўлади-ку. Афсус, расталар ўрнини ҳам дўкон қилиб сотиб юборишди.

Қарияларимизнинг боши эгилган. Биров бир нарса дея олмайди. Бир нарса деб кўринг-чи! ИИБ ходимлари олиб бориб тиқади. Бизнинг талабимиз – бозор ёпилмасин, дўконлар босқичма-босқич қурилсин”.

(Бу хабар Озодликка 23 июль куни келди)

​Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​